Вазирлар Маҳкамасининг 24.10.2025 йилдаги 673-сон қарори билан энергия сервис хизматлари бозорини шакллантириш ҳамда аҳоли уй-жойларининг энергия самарадорлиги оширилишини рағбатлантириш чора-тадбирлари белгиланган.
Президентнинг 27.03.2025 йилдаги ПФ-63-сон "Энергия самарадорлигини ошириш соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш ва энергия сервис компаниялари хизматлари бозорини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига мувофиқ аҳоли уй-жойларини энергия аудитидан ўтказиш, энергия самарадор қурилмаларни харид қилиш ва ўрнатишдла субсидия ажратиш тўғрисида низом тасдиқланди.
Давлат хизматлари кўрсатиш ва давлат-фуқаро муносабатлари (G2C) соҳасида рақамлаштиришни кенгайтириш мақсадида 2025 йил ноябрдан бошлаб фуқароларга энергия самарадорлиги миллий агентлигининг рақамли платформаси орқали энергия самарадор технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбаларини сотиб олиш учун субсидиялар бериш тизими жорий этилади.
Энергия самарадор бинолар ва асбоб-ускуналар "яшил таъмир" ва "яшил" истеъмол кредитлари ва (ёки) аҳолининг ўз маблағлари ҳисобидан харид қилинганда, улар харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар қуйидаги миқдорларда тақдим этилади:
- уй-жойларни энергетик текширувдан ўтказиш харажатларининг 100 фоизи;
- турар жой биноларида қуёш панеллари, қуёш коллекторлари ва бошқа маиший иситиш қозонларини сотиб олиш ва ўрнатиш харажатларининг 20 фоизи;
- уй-жой биноларига иссиқлик насосларини харид қилиш ва ўрнатиш харажатларининг 40 фоизи, бунда ушбу йўналишда ажратиладиган субсидия миқдори БҲМнинг 50 бараваридан ошмаслиги керак.
Субсидиялар ва кредитлар Агентликнинг Ягона реестрига киритилган энергия аудиторларининг тегишли хулосаси асосида ажратилади.
Қарор билан қуйидаги тартиблар тўғрисидаги низомлар ҳам тасдиқланди:
- энергия аудиторларини аттестациядан ўтказиш;
- энергия самарадорлигини ошириш рақамли платформасида қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари ва бошқа энергия самарадор ускуналарни сотиш, шартномалар тузиш, етказиб бериш ва ўрнатиш;
- тўқимачилик саноати корхоналарига ўз эҳтиёжлари учун қуёш панелларини сотиб олиш ва ўрнатиш учун тижорат банклари томонидан берилган кредитлар бўйича фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш ва бошқалар.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 27.10.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова




