Президентнинг 31.10.2025 йилдаги ПҚ-322-сон қарори билан аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.
Соҳа олдига қуйидаги вазифалар қўйилган:
- мавжуд ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш ҳисобига аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш;
- республика аҳолисини ижтимоий аҳамиятга молик озиқ-овқат маҳсулотларини кафолатли етказиб бериш ҳамда тўлиқ занжирда мойли, озуқабоп картошка ва бошқа экинларни тўлақонли етиштириш учун молиявий имкониятларни кенгайтириш;
- озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи, мойли ва озуқабоп маҳсулотларни қайта ишловчи, наслли чорва ва парранда етиштирувчи ҳамда ветеринария хизматлари кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларни қўллаб-қувватлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;
- яқин 3 йил ичида чорва моллари ва паррандалар сонини, балиқ етиштириш ҳажмини, ўсимлик ёғи ишлаб чиқаришни ва бошқаларни кўпайтириш.
"Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси" АЖ 2025 йил 1 ноябрдан 2030 йил 31 декабрга қадар тадбиркорлик субъектларига (белгиланган йўналишлар ва шартларга мувофиқ) қуйидаги кредитлар фоиз харажатлари компенсациясини тақдим этади:
- миллий валютада ажратиладиган кредитлар бўйича (Марказий банк асосий ставкасининг 2 бараваридан ошмайдиган миқдорда) – асосий ставкадан 4 фоиз банддан ошадиган, бироқ 10 фоиз банддан кўп бўлмаган қисми;
- хорижий валютада ажратиладиган кредитлар бўйича – йиллик 8 фоиздан юқори, лекин 4 фоизлик банддан кўп бўлмаган қисми.
2026 йил 1 январдан озуқабоп ва мойли экинлар етиштирувчи хўжаликларнинг насослари учун электр энергияси харажатларининг 50 фоизи Давлат бюджетидан қоплаб берилади.
2026 йил 1 январдан 2027 йил якунига қадар тирик қорамол (ТИФ ТН коди 0102), қўй ва эчки (ТИФ ТН коди 0104) импортида ҚҚСни 180 кунгача кечиктириб тўлашга рухсат берилади. Тўланган ҚҚСни қайтариш белгиланган тартибда амалга оширилади.
2026 йил 1 январдан бошлаб давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларни Ўзбекистон ҳудудига олиб киришда ветеринария рухсатномаси ва сертификати икки баравар қисқартирилган муддатда берилади.
Шунингдек, 2026 йил 1 январдан чорвачилик маҳсулотларини етиштирувчи хўжалик юритувчи субъектларга озуқабоп экинларни етиштириш учун ер участкаларини ижарага олиш ҳуқуқини олганлик учун тўловни 5 йил давомида тенг улушларда амалга оширишга рухсат берилади.
Импорт қилувчилар муаммоларини тезкор ҳал этиш учун Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонида "Ишонч телефони" ташкил этилади.
Ҳужжат билан 2025-2026 йилларда ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўйича чора-тадбирларнинг "Йўл харитаси" тасдиқланди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 01.11.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова




