Президентнинг 03.11.2025 йилдаги ПФ–204-сон Фармони билан прокуратура органлари фаолиятини комплекс рақамли трансформация қилишга қаратилган “Рақамли прокуратура – 2030” стратегияси тасдиқланди.
Ушбу ҳужжат прокуратура тизимида рақамли назоратни янада ривожлантириш, фаолиятнинг очиқлиги ва самарадорлигини ошириш, шунингдек, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда коррупцияга қарши курашиш жараёнларига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишни назарда тутади.
Стратегиянинг асосий мақсади – 2030 йилга қадар прокуратура органлари фаолиятининг барча йўналишларини тўлиқ автоматлаштириш, давлат тузилмалари ўртасидаги маълумот алмашинуви тезлигини ошириш ҳамда тергов ва назорат жараёнларини электрон форматга ўтказишдир.
Белгиланган вазифалар доирасида сунъий интеллект технологияларини босқичма-босқич жорий этиш, янги ахборот тизимларини яратиш ва прокуратуранинг бошқа давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлигини таъминлайдиган ягона идоралараро интеграция платформасини шакллантириш кўзда тутилган.
Шунингдек, “E-tergov” ахборот тизими ишлаб чиқилиб, жорий этилади. У жиноят ишларини кўриб чиқишнинг барча босқичларини – аризаларни рўйхатдан ўтказишдан то жазо ижросигача – электрон форматга ўтказиш имконини беради. Янги тизим ҳужжат айланмасини рақамли шаклда таъминлайди, тергов жараёнларини мониторинг қилади, ишларни таҳлил қилиш ва статистик хато ва фарқларни олдини олиш учун сунъий интеллект технологияларидан фойдаланади.
Рақамли ислоҳотнинг муҳим қисми сифатида “Raqamli prokuror” ахборот тизимлари мажмуаси жорий этилади. У орқали қонунларнинг ижроси устидан масофавий назорат ўрнатилади, маълумотлар онлайн тарзда қабул қилинади ва таҳлил қилинади, электрон назорат ишлари юритилади ҳамда прокурорлар суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиши таъминланади. Шу тизим ёрдамида актлар, сўровлар, халқаро ҳуқуқий битимлар, кадрлар ҳужжатлари ва идоравий режаларнинг мониторинги ҳам амалга оширилади.
Ҳужжатда, шунингдек, “Tekshiruvlarning yagona elektron reyestri” – назорат органлари томонидан ўтказиладиган барча турдаги текширувларни марказлашган ҳолда ҳисобга оладиган ягона электрон реестрни яратиш ва жорий этиш назарда тутилган. Бу назорат тартиб-таомилларининг шаффофлигини таъминлайди ва прокуратурага текширувларнинг қонунийлигини реал вақт режимида назорат қилиш имконини беради.
Давлат ахборот тизимларида коррупция ҳолатларининг олдини олиш мақсадида “рақамли назорат” функцияси жорий этилади. У орқали мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари реал вақтда кузатилади. Барча давлат органлари ўз ахборот ресурсларини прокуратура тизимлари билан интеграция қилиши шарт бўлади, бу эса зарур маълумотларга тезкор кириш имконини яратади.
Барча рақамли ташаббусларни мувофиқлаштириш ва амалга ошириш мақсадида Бош прокуратура ҳузурида Рақамли технологиялар маркази ташкил этилади. У дастурий таъминот ва сунъий интеллект технологияларини ишлаб чиқиш, маълумотлар базаларини бошқариш ва киберхавфсизликни таъминлаш билан шуғулланади. Марказ мустақил бошқарма ҳуқуқига эга бўлади ва унинг фаолияти давлат бюджети ҳамда бюджетдан ташқари манбалар ҳисобидан молиялаштирилади. Рақамлаштириш хизматларидан тушган маблағлар Бош прокуратура ривожлантириш жамғармасига йўналтирилиб, моддий-техника базани мустаҳкамлаш, ходимлар малакасини ошириш ва IT-мутахассисларни жалб этиш учун сарфланади.
2026/2027 ўқув йилидан бошлаб Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида “Киберхуқуқ” бакалавриат йўналиши жорий этилади. Бу йўналиш ҳуқуқий билимларга эга бўлган ва ахборот технологиялари соҳасидаги компетенцияларга эга мутахассисларни тайёрлашни мақсад қилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 05.11.2025 йилдан кучга кирди.
Саодат Усманова




