Президентнинг 03.11.2025 йилдаги «Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни тайинлаш ва тўлаш тизимини такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ–206-сон Фармони қабул қилинди.
Ҳужжатда давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни тайинлаш ва тўлаш тизимини такомиллаштириш чоралари белгиланган. Шунингдек, у фуқароларни қийин ҳаётий вазиятларда моддий қўллаб-қувватлаш, ижтимоий таъминот тизимининг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш ва расмий бандликни рағбатлантиришга қаратилган.
2026 йил 1 январдан бошлаб давлат ижтимоий суғуртасининг янги тизими жорий этилади. У фуқароларни мажбурий ва ихтиёрий асосда қамраб олади.
- Мажбурий суғурта бўйича маблағлар жисмоний шахслар даромад солиғининг бир қисми ҳисобидан шакллантирилади.
- Ихтиёрий суғурта тартибида эса ҳар ойлик суғурта бадали энг кам иш ҳақининг 5 фоизи миқдорида тўланади.
Тўловлар суғурта стажи ва тўланган бадаллар миқдорига мутаносиб равишда ҳисобланади ва тўланади. Бу жараёнлар махсус ташкил этилган Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси орқали амалга оширилади. Жамғарма Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги ҳузурида фаолият юритади.
Суғурталанган шахслар, уларнинг суғурта стажини рўйхатга олиш, нафақа ва тўловларни ҳисоблаш ҳамда тўлаш жараёнлари “Рақамли ҳукумат” платформаси орқали маълумотлар асосида ягона рақамли ахборот тизимида амалга оширилади. Рақамли тизимга ўтиш орқали тўловларнинг шаффофлиги, ўз вақтида амалга оширилиши ва самарали назорат таъминланади.
2026 йил 1 январдан бошлаб ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси проактив тарзда тайинланади ва тўланади. Шу йил 1 июлдан эса вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси ҳам проактив шаклда тайинланади. 2030 йилдан бошлаб фуқароларнинг мурожаатлари асосида бир марталик ишдан бўшатиш нафақаси жорий этилиши режалаштирилган. 2026 йилгача бўлган даврда давлатдан ташқари Пенсия жамғармасига тўланган суғурта бадаллари ҳам янги суғурта стажи ҳисоб-китобига қўшиб ҳисобланади.
Ислоҳотларни амалга ошириш мақсадида Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси давлат муассасаси шаклида ташкил этилади. Унинг ҳузурида ижро этувчи дирекция бўлади ва у республика бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Жамғарма суғурталовчилар ва суғурталанган шахсларни рўйхатга олиш, бадаллар ва тўловларни ҳисоблаш ҳамда барча жараёнларнинг шаффофлигини таъминлаш учун масъул бўлади.
Фармон ижроси учун масъул органлар этиб Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Солиқ қўмитаси белгилаб қўйилди. Солиқ қўмитаси фуқаролар даромадлари ҳақидаги маълумотларни тақдим этиш орқали суғурта стажини тўғри ҳисоблашни таъминлайди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги эса ҳар йили Давлат бюджети параметрларида ижтимоий суғурта жамғармасини шакллантириш учун зарур маблағларни назарда тутади.
2026 йил якунига қадар суғурталанган фуқаролар ўз суғурта стажи ва тўланган бадалларини реал вақт режимида кузатиш имконига эга бўлади. Бу тизимга ишончни ошириш ва унинг фаолиятида шаффофликни таъминлашга хизмат қилади.
Қабул қилинган чоралар замонавий ва барқарор давлат ижтимоий суғуртаси тизимини яратишга, фуқароларни адолатли ва очиқ тарзда қўллаб-қувватлашга, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга ҳамда ижтимоий-меҳнат муносабатларида “ҳисса – натижа” тамойилини ривожлантиришга қаратилган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 05.11.2025 йилдан кучга кирди.
Саодат Усманова




