Вазирлар Маҳкамасининг 17.11.2025 йилдаги "Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги 729-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги тўғрисидаги низом тасдиқланди ва унинг асосий вазифалари белгиланди:
- мато ва газламаларни бўяш, тўқиш, трикотаж ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш учун шарт-шароитлар яратиш;
- тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, саноат кооперацияси учун шарт-шароитлар яратиш, малакали мутахассисларни (технологлар, муҳандислар, дизайнерлар, дастурчилар ва бошқалар) жалб қилиш;
- халқаро кўргазмаларда иштирок этиш, истиқболли тайёр маҳсулотлар билан янги бозорларга чиқиш, хорижий сорсинг компаниялари ва брендларни жалб қилиш, миллий брендларни ривожлантириш, шу жумладан Made in Uzbekistan брендини шакллантиришни қўллаб-қувватлаш;
- халқаро сифат сертификатлари, экологик, бошқарув ва ижтимоий стандартларни жорий этиш;
- замонавий лабораторияларни ташкил этиш ва халқаро аккредитациядан ўтказишга кўмаклашиш;
- Better Work, FWF ва BCI каби дастурлар ва стандартларни жорий этишни кенгайтириш;
- маҳсулот таннархини, шу жумладан ишлаб чиқаришни рақамлаштиришнинг ахборот тизимларини жорий этиш орқали камайтиришга кўмаклашиш, шунингдек, энергия самарадорлигини ошириш;
- МҲХСни жорий этиш, тўғридан-тўғри кредитлар ва инвестицияларни жалб қилишга кўмаклашиш ва бошқалар.
Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги ҳузурида Енгил саноатни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади, унинг маблағлари ҳисобидан халқаро брендларни жалб қилиш, халқаро стандартлаштириш ва сертификатлаштириш тизимларини, МҲХСни жорий этиш, экспорт шартномалари бўйича суғуртани молиялаштириш, мутахассисларни ўқитиш учун грантлар ажратиш харажатлари қопланади.
Енгил саноатни ривожлантириш жамғармаси қуйидаги харажатларни ҳам қоплайди:
- чет элда савдо уйларини очиш ва сақлаш, офислар, савдо ва омбор биноларини ижарага олиш, реклама кампанияларини ташкил этиш билан боғлиқ;
- хорижий консалтинг компаниялари ва малакали мутахассисларни жалб қилиш, кўргазма стендларини яратиш, халқаро кўргазма-ярмаркалар, тренинглар ва бизнес-форумларда иштирок этиш, хорижий ахборот ресурсларида маълумотларни жойлаштиришда молиявий ёрдам кўрсатиш;
- Жамғарма маблағлари ҳисобидан ҳудудларда ташкил этиладиган енгил саноат корхоналарига кўмаклашиш лойиҳа офислари, шунингдек, жалб этиладиган хорижий маслаҳатчилар ва консалтинг компанияларини сақлаш.
Шунингдек, Жамғарма енгил саноат корхоналари, жумладан, тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари, табиий ва сунъий чармдан тайёр пойабзал ва чарм-атторлик маҳсулотлари, ипак мато ишлаб чиқарувчи корхоналарни молиявий қўллаб-қувватлайди.
Президентнинг 19.09.2025 йилдаги "Енгил саноат соҳасида юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш тўғрисида"ги ПФ-174-сон Фармонига мувофиқ қуйидагилар тасдиқланди:
- Енгил саноатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тижорат банкларига енгил саноат корхоналарига айланма маблағлар ва ускуналар харидига ажратиладиган кредитлар бўйича молиявий ресурслар тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низом;
- Енгил саноатни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан енгил саноат корхоналарини молиявий қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги низом;
- 2025–2027 йилларда тўқимачилик корхоналарида автоматик бошқарув тизимларини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар дастури.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 19.11.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова




