Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Какие дополнительные выходные и переносы нас ожидают в 2026 году Как учитывать розничную продажу товаров в 2026 году Как возмещать «отрицательный» НДС в 2026 году

Божхона тартиб-таомиллари соддалаштирилмоқда

24.12.2025

Читать на русском языке

Президентнинг 17.12.2025 йилдаги "Божхона маъмуриятчилиги ва ташқи савдо тартиботларини янада соддалаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-250-сон Фармони қабул қилинди. 

 

Ҳужжат рақамли ечимлар ва хавфларни баҳолашга асосланган ёндашувни фаол жорий этган ҳолда божхона назоратини соддалаштириш ва ташқи савдо операцияларини расмийлаштиришни назарда тутади. Ислоҳотнинг асосий мақсадлари:

  • тўғридан-тўғри чегарада экспорт ва импорт товарларини расмийлаштириш ҳажмини 2 баробарга ошириш;
  • божхона тўловларини кечиктириб тўлаш асосида товарларни эркин муомалага чиқариш ҳажмини 1,5 баробарга ошириш;
  • ваколатли иқтисодий операторлар сонини 200 дан ошириш;
  • божхона аудити қамровини 30 фоизга етказиш.

 

2026 йил мартдан бошлаб товарларни олдиндан декларациялашда божхона расмийлаштируви учун йиғим 20 фоизга камайтирилади, тўловлар 14 кунгача бўлиб-бўлиб тўланса, фоизлар ҳисобланмайди. Бундан ташқари, импорт қилувчилар даврий декларациялашда товарларнинг ҳар бир партияси бўйича алоҳида божхона тўловларини тўлаш имкониятига эга бўладилар.

 

Божхона ахборот тизимларида хавфлар мавжуд бўлмаганда декларацияларни расмийлаштириш автоматик равишда амалга оширилади – шу жумладан йирик солиқ тўловчилар ва чекловлар остида бўлмаган экспорт учун ҳам.

 

Назорат тартиб-таомилларининг бир қисми Чегара қўшинларига ўтказилади, 2026 йил охирига қадар синов тариқасида бир қатор назорат-ўтказиш пунктларида автотранспорт воситаларини кўздан кечириш фақат улар томонидан амалга оширилади. Шу билан бирга, бир нечта йирик чегара божхона постларини реконструкция қилиш режалаштирилган.

 

2026 йил июнь ойидан бошлаб бизнес учун божхона тўловларини 120 кунгача кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади. Шунингдек, қайта ишлаш учун ишлатиладиган хомашё ва материалларни божхонада тартибга солишнинг синов механизми жорий этилмоқда.

 

Божхона аудити "маслаҳатчи – аудитор" тамойили асосида ўтказилади, бу тадбиркорларга аниқланган қоидабузарликларни мустақил равишда бартараф этиш имконини беради. Бунда жавобгарлик чоралари янада табақалаштирилган ва ҳуқуқбузарликлар хусусиятига мутаносиб бўлади.

 

2028 йилдан бошлаб мансабдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортмасдан, фақат юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан қўлланиладиган божхона қонунчилигини бузганлик учун молиявий жарималар тизими жорий этилади.

 

Шунингдек, ташқи савдони нотариф тартибга солишни соддалаштириш режалаштирилмоқда: рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш хавфларни баҳолашга асосланади, барча тақиқлар, чекловлар ва йиғимлар "Ягона дарча" тизимида олдиндан эълон қилиниши шарт.

 

Халқаро ҳамкорликни кенгайтириш доирасида Ўзбекистоннинг қатор элчихоналарида хориждаги маҳаллий экспорт ва импорт қилувчилар манфаатларини ҳимоя қилиш билан шуғулланадиган божхона масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимлари жорий этилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 23.12.2025 йилдан кучга кирди.