Президентнинг 30.12.2025 йилдаги "Аҳолининг алоҳида турдаги истеъмол маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини кафолатли таъминлашга ҳамда иқтисодиётнинг айрим тармоқларини янада қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-269-сон Фармони қабул қилинди.
Ҳужжатнинг мақсади – аҳолининг муҳим товарлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, иқтисодиётнинг устувор тармоқларини ривожлантиришни рағбатлантириш ва замонавий технологияларни, шу жумладан "яшил" иқтисодиёт ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида жорий этиш учун қулай шарт-шароитлар яратишдан иборат.
31.05.2022 йилдаги ПФ-145-сон ва 23.03.2023 йилдаги ПФ-41-сон Фармонларда белгиланган товарларга божхона божининг ноль ставкасининг амал қилиш муддати 2027 йил 1 январга қадар узайтирилади.
Фармонга мувофиқ, 2026 йил 1 январдан бошлаб белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар асосида айрим турдаги товарлар божхона божини тўлашдан озод этилади.
Хусусан, 2028 йил 1 январга қадар божхона божининг ноль ставкаси қуйидагиларга нисбатан қўлланилади:
- электромобиллар учун қувватлаш станциялари, уларнинг бутловчи қисмлари, шунингдек, хизмат кўрсатиш инфратузилмасини яратиш ва ривожлантириш учун мўлжалланган технологик ускуналар;
- ипакни қайта ишлаш ва тўқиш ускуналари учун эҳтиёт қисмлар, тут уруғлари ва кўчатлари, шунингдек, суперелита, элита ва саноат ипак қурти уруғлари.
Бундан ташқари, 2031 йил 1 январга қадар маиший, қурилиш ва тиббиёт чиқиндиларини утилизация қилиш, шунингдек, биопарчаланувчи полимер материалларни қайта ишлаш корхоналарининг технологик жараёнларида фойдаланиладиган, республикада ишлаб чиқарилмайдиган махсус техника, технологик ускуналар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар, хомашё ва материаллар божхона божини тўлашдан озод этилади.
Фармон билан 2026 йил 1 январдан 2031 йил 1 январга қадар чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида имтиёзли солиқ режими жорий этилади. "Чиқинди полигонларини бошқариш дирекцияси" давлат муассасаси, шунингдек, бир вақтнинг ўзида белгиланган мезонларга мос келадиган солиқ тўловчилар учун фойда солиғи (шу жумладан, дивидендлар тарзидаги даромадлар) ва ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида белгиланади.
Бунда имтиёзлар қуйидаги шартларга риоя этилган тақдирда қўлланилади:
- чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиб кетиш, саралаш ва қайта ишлаш фаолиятидан олинган даромадлар ҳисобот солиқ даври якунлари бўйича жами даромадларнинг камида 90 фоизини ташкил этади;
- ҳар бир ходимнинг ойлик иш ҳақи МҲТЭКМнинг 2 бараваридан кам бўлмаган миқдорда ҳисобланади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 01.01.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова



