Президентнинг 15.01.2026 йилдаги ПҚ-9-сон қарорида аҳоли ўртасида китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва китоб мутолаасига қизиқишни ошириш чора-тадбирлари белгиланган.
Мақсад – китобхонлик маданиятини тарғиб қилиш, янги нашрлар ва таржималарни чоп этиш, кутубхоналар ва таълим ташкилотларини профессионал ва соҳага оид адабиётлар билан таъминлаш.
Аҳоли ўртасида китобхонлик маданиятининг ўртача йиллик даражасини (бир кишига тўғри келадиган мутолаа қилинган китоблар сони) 2026-2030 йилларда 10 та китобга етказиш вазифаси қўйилди.
Ҳужжат билан Ёшлар ишлари агентлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Китобхонлик маданиятини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди ва унинг Васийлик кенгаши таркиби ҳамда шакллантириш манбалари тасдиқланди.
Жамғарма маблағлари қуйидаги тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади:
- грантлар ажратиш ва ёш ёзувчиларнинг асарларини нашр этиш, шунингдек, болалар адабиёти соҳасидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш;
- иқтидорли муаллифларни аниқлаш учун БҲМнинг 50 баравари миқдорида бир йилгача бўлган ойлик тўловлар;
- хорижий адабиётнинг энг сара намуналарини ўзбек тилига ва миллий адабиётни хорижий тилларга таржима қилишда нашрга тайёрлаш ва чоп этиш харажатларининг 50 фоизи ҳамда муаллифлик ҳуқуқи харажатларининг 80 фоизи қоплаб берилади;
- Васийлик кенгаши аъзоларига ҳар чоракда БҲМнинг 50 бараваригача миқдорда мукофот тўловлари;
- китобхонлик маданияти рейтингини шакллантириш харажатлари.
2026 йил 1 февралдан:
- "Китоб – маърифат манбаи" дастури амалга оширилади;
- давлат органларининг китоб ва китобхонлик маданияти тўғрисидаги рекламаси ижтимоий ахборот (реклама) сифатида эътироф этилади;
- транспорт инфратузилмаси объектлари ва транспорт воситаларида (автобус, метрополитен, самолёт, поезд) симсиз ёки мобил интернет орқали "Мутолаа" платформасидан фойдаланиш имконияти яратилади, қулайлик учун QR-кодлар ўрнатилади.
Шунингдек, умумтаълим муассасаларида "Жадидлар изидан" китобхонлик тўгаракларини ташкил этиш режалаштирилган.
Барча вазирлик ва идораларда:
- касбий фаолият бўйича тегишли соҳада тавсия этиладиган адабиётлар рўйхати шакллантирилади;
- ҳар йили касбий фаолиятга оид камида учта хорижий адабиёт намуналари ўзбек тилига таржима қилинади;
- "Китоб бурчаги" ташкил этилиб, ходимлар учун ҳар ойда "Китобхонлик соати"ни ўтказиш йўлга қўйилади;
- китобхонлик маданияти ички рейтинги тизими жорий этилади.
- энг кўп китоб ўқиган ходимларга бюджет ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш махсус жамғармасидан танлов асосида ойлик иш ҳақи миқдорида пул мукофоти тўланади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 16.01.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова



