Президентнинг 19.01.2026 йилдаги "Ички ишлар органларининг миграция ва персоналлаштириш соҳасидаги фаолиятини рақамлаштириш орқали сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-14-сон қарори қабул қилинди.
Устувор йўналишлар:
- ички ишлар органларининг миграция ва персоналлаштириш бўлинмаларини босқичма-босқич тезкорлик ва шаффофлик тамойиллари асосида янада қулай ва сифатли хизматлар кўрсатувчи "хизмат кўрсатиш бўлинмалари"га айлантириш;
- миграция бўйича республика, вилоят, туман (шаҳар) бўлинмалари фаолиятини ташкил этиш ва самарадорлигини оширишни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш;
- миграция ва персоналлаштириш бўйича давлат хизматларини рақамлаштириш;
- шахсий маълумотларнинг тўғрилиги ва ишончлилигини таъминлаш;
- амалдаги ахборот тизимларида инфо ва киберхавфсизликни таъминлаш.
2026 йил 1 майдан бошлаб тажриба тариқасида Тошкент, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси туман (шаҳар) ларида ички ишлар органларининг миграция ва персоналлаштириш бўлинмаларида сунъий интеллект технологиялари асосида фаолият юритувчи, ўз-ўзига хизмат кўрсатиш имконияти яратилган "ақлли" миграция пункти ташкил этилади.
Дастлабки босқичда "ақлли" миграция пунктларида муайян давлат хизматлари кўрсатилади (рўйхат бўйича), кейинчалик ўз-ўзига хизмат кўрсатиш турлари кенгайтирилади.
Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Миграция ва персоналлаштириш департаменти ва унинг ҳудудий бошқармаларига 2026 йил 1 майдан бошлаб Ўзбекистонга электрон кириш визаси асосида кириб келган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг электрон визаси амал қилиш муддатини 30 кунгача бир марта узайтириш ҳуқуқи берилади.
Хориж фуқароларига Ўзбекистон ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномани расмийлаштириш ваколати ҳам Департамент ва унинг ҳудудий бошқармаларига берилади.
2026 йил 1 сентябрдан бошлаб талабаларни уларнинг турар жойига жойлаштириш бўйича шартнома тузиш билан бир вақтда яшаш жойи бўйича рўйхатга олишнинг композит тартиби жорий этилади.
Рақамлаштириш
2026 йил 1 февралдан бошлаб жисмоний шахсларга ID-картани дастлабки расмийлаштиришда унинг чипига киритиладиган ЭРИ сертификатини бериш бепул амалга оширилади.
Департамент жисмоний шахслар бўйича қуйидаги марказий маълумотлар базаларини шакллантириш ва доимий янгилаб бориш бўйича ваколатли орган ҳисобланади:
- чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг яшаш ва турган жойи бўйича рўйхатга олинган манзили тўғрисидаги маълумотлар;
- идентификация ID-картасининг серияси, рақами, жойи, берилган санаси ва амал қилиш муддатининг тугаш санаси тўғрисидаги маълумотлар;
- Ўзбекистон фуқаролиги тўғрисидаги маълумотлар;
- Ўзбекистон фуқаролари, Ўзбекистонда доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тўғрисидаги маълумотлар;
- Ўзбекистонга таклиф этилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек, уларнинг виза муддатини узайтириш.
2026 йил 1 сентябрдан бошлаб ЯИДХП ва ДХМ орқали қуйидаги турдаги давлат хизматларини кўрсатиш имконияти яратилади:
- хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар ва уларнинг оила аъзоларини Ўзбекистонга таклиф этиш;
- фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг биометрик ҳаракатланиш ҳужжатларини расмийлаштириш учун ариза юбориш.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланган:
- Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Миграция ва персоналлаштириш департаменти тўғрисидаги низом;
- Миграция ва персоналлаштириш соҳасида ИИО фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш бўйича "Йўл харитаси."
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 20.01.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова



