Вазирлар Маҳкамасининг 20.01.2026 йилдаги "Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасини рақамлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 11-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида шаффофликни ошириш, бюрократик тўсиқларни камайтириш ва хизматлар сифатини яхшилашга қаратилган.
Жамоат хавфсизлиги департаменти ЙҲХБ "Ma'muriy amaliyot" ахборот тизимидаги маъмурий бошқарув модули масъул вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимларига интеграция қилинади.
2026 йил 1 февралдан:
- умумий оғирлиги (юки билан) 44 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобиллари, конлар, шахталар ва карьерларда фойдаланиладиган махсус транспорт воситалари, юридик шахсларга тегишли бўлган йўналишсиз таксилар, антиқа автомототранспорт воситалари учун алоҳида серияли давлат рақам белгилари жорий этилади;
- 50 йилдан ошган транспорт воситаларидан фойдаланиш ва уларни қайта рўйхатдан ўтказиш тақиқланади, бундай транспорт воситалари давлат реестридан чиқарилади;
- автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномада мулкдорнинг манзилини кўрсатиш талаби бекор қилинади.
Автотранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказишда бир қатор ҳужжатлар ваколатли органлардан идоралараро электрон тизим орқали келиб тушади. Уларга қуйидагилар киради:
- автотранспорт воситасининг олди-сотди шартномаси;
- электрон онлайн-аукцион баённомалари;
- давлат иштирокидаги корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган транспорт воситалари бўйича электрон ҳисоб маълумотлари;
- автотранспорт воситаси эгаси тўғрисидаги маълумотлар.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 21.01.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова



