Президентнинг 20.01.2026 йилдаги "Ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларнинг олдини олиш чора-тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида"ги ПҚ-20-сон қарори қабул қилинди.
Белгиланган чора-тадбирлар қуйидаги асосий мақсадларга эришишга қаратилган:
• аҳолининг ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларнинг хавф омиллари тўғрисида хабардорлигини ошириш;
• 30 ёшдан ошган аҳолини ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликлар бўйича такомиллаштирилган мақсадли тиббий кўриклар билан тўлиқ қамраб олиш;
• шошилинч ҳолатларда юрак ва бош мия қон томирларида эндоваскуляр операциялар учун сарфлаш материаллари ва антитромботик препаратлар қамровини 100% га етказиш;
• ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликлардан ногиронликни 30 фоизга, бевақт ўлим ҳолатларини 15 фоизга қисқартириш.
2026 йил 1 майдан бошлаб "Stent for Life" ва "Action Plan for Stroke" халқаро дастурлари асосида ишлаб чиқилган Инфаркт ва инсультга қарши курашиш миллий дастури ҳудудларда босқичма-босқич жорий этилади. Бунда:
• бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида йилига бир марта 30 ёшдан ошган аҳолини мақсадли тиббий кўрикдан ўтказиш;
• туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказларида инфаркт ва инсульт бўйича туну кун ишлайдиган бригадалар фаолияти йўлга қўйилади;
• ўткир юрак-қон томир касалликлари ва бош мия қон айланишининг ўткир бузилиши ҳолатларида беморларга шошилинч ихтисослаштирилган хизмат кўрсатиш алгоритмлари жорий этилмоқда;
• халқаро стандартлар асосида беморларнинг клиник маршрутлари (clinical pathways) ишлаб чиқилади ва амалиётга жорий этилади.
Тез тиббий ёрдам бригадалари телеметрик электрокардиографлар (Т-ЭКГ) ва сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиш имкониятига эга мониторли дефибрилляторлар билан таъминланади.
Туманлар ва шаҳарлардан туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказларига шошилинч ҳолатларда мурожаат қилган беморларга кўрсатилган тиббий хизматлар харажатлари Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
Ҳудудларда "Ҳаётни дақиқалар ҳал қилади" мавзусида ҳафталиклар, ёшлар ва талабалар ўртасида "Инфаркт қизил карточка" ташаббусини тарғиб қилиш, шунингдек, 29 сентябрь – Бутунжаҳон юрак куни ва 29 октябрь – Бутунжаҳон инсультга қарши кураш куни муносабати билан бошқа оммавий тадбирлар ташкил этилади.
2026 йил 1 мартдан республика тиббиёт марказлари мутахассислари ва хорижий экспертлардан иборат Юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларни даволашда тиббий хизматлар кўрсатишни мувофиқлаштириш кенгаши фаолияти йўлга қўйилади.
Рақамлаштириш
2026 йил 1 апрелга қадар "Электрон соғлиқни сақлаш" ахборот тизимида хавф гуруҳига киритилган ўткир юрак қон-томир ва бош мия қон-томир касалликлари бўлган беморларнинг электрон реестри ҳамда индивидуал соғломлаштириш режаларини шакллантириш жорий этилади.
Шунингдек, ЭКГ натижаларини сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиш ва тез тиббий ёрдам хизмати учун ахборот тизими орқали узатиш, тез тиббий ёрдам бригадалари ва шифохоналар ўртасида реал вақт режимида маълумот алмашиш йўлга қўйилмоқда.
Ўткир юрак-қон томир ва бош мия қон-томир касалликлари билан оғриган беморларнинг клиник маршрутлари, жумладан, диагностика, даволаш, диспансер назоратига олиш жараёнлари рақамлаштирилиб, телемедицина йўлга қўйилади.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланган:
• Инфаркт ва инсультга қарши курашиш миллий дастури;
• Ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларга чалинган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича "Йўл харитаси";
• 2026-2030 йилларда амалга ошириш самарадорлигини аниқлаш кўрсаткичлари. Инфаркт ва инсультга қарши курашиш миллий дастури.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 23.01.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова



