Вазирлар Маҳкамасининг 23.01.2026 йилдаги 26-сон қарори билан хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикасидаги дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ва Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтган ташкилотларга хизмат кўрсатиш янада такомиллаштирилади.
Ҳужжатга кўра, ТИВ ҳузуридаги "Дипломатик сервис хизмати" давлат унитар корхонаси қуйидаги асосий вазифаларни ҳал этадиган давлат муассасасига айлантирилди:
• дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалари ва ташкилотлари фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларга комплекс сервис хизмати кўрсатишни таъминлаш;
• дипломатик ваколатхоналар ва уларнинг ходимларини жойлаштириш учун мўлжалланган бино ва хоналарни ижарага бериш, кўчмас мулкни ижарага олиш ва сотиш шартномаларини тузишда кўмаклашиш;
• хорижий давлатлар расмий делегацияларининг Ўзбекистонда бўлиши, ҳукумат ва Ташқи ишлар вазирлигининг халқаро тадбирларини ўтказиш, чет элга хизмат сафарига борадиган ходимлар учун авиачипталар сотиб олиш, шунингдек, транспорт хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда кўмаклашиш;
• божхона ҳужжатларини тайёрлаш, дипломатик ваколатхоналар номига юкларни декларациялаш, дипломатик ваколатхоналарнинг радиоэлектрон алоқаси ва радиоузатиш қурилмаларини сотиб олиш, ўрнатиш, импорт қилиш ва улардан фойдаланиш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва бошқалар.
Дипсервис ўз фаолиятини ўзини ўзи молиялаштириш асосида, пуллик хизматлар кўрсатиш орқали амалга оширади.
Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларига хизмат кўрсатиш, Ўзбекистон ҳудудидаги дипломатик ваколатхоналар, шунингдек, Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари учун мўлжалланган объектлар ва турар жой биноларини қуриш бўйича ягона буюртмачи ҳисобланади.
Хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикасидаги дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ва уларга тенглаштирилган ташкилотларига бинолар (биноларнинг бир қисми), хоналар ва ер участкаларини бериш (реализация қилиш) тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ҳужжат дипломатик ваколатхоналарга бинолар, иншоотлар ва ер участкаларини ижарага бериш, сотиш ва топширишнинг батафсил тартибини назарда тутади.
Дипломатик ваколатхонадан бино ва хоналарни ижарага олиш ёки сотиб олиш тўғрисида ариза олгандан сўнг, Дипсервис ўзининг тезкор бошқарувида бўлган бўш бино ва хоналарни кўздан кечиришни таклиф қилади.
Келишувга эришилган тақдирда, Дипсервис тўғридан-тўғри (электрон онлайн-аукцион ўтказмасдан) икки томонлама кўчмас мулк ижара шартномасини расмийлаштиради.
Халқаро келишувларга мувофиқ, ижара ҳақини тўлаш харажатларини қоплаш шартлари тенглик асосида тўловларни ўзаро ҳисоб-китоб қилишни назарда тутади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 26.01.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова



