Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Для компаний на МСФО ввели новую форму о расхождениях между бухгалтерским и налоговым учетом Что изменилось в Инструкции о порядке заполнения ГТД с февраля 2026 года Как определять доход от безвозмездно полученного имущества (услуг)

Телекоммуникация хизматларини кўрсатиш қоидаларига ўзгартиришлар киритилди

28.01.2026

Читать на русском языке

Рақамли технологиялар вазирининг буйруғи (26.01.2026 й. АВ рўйхат рақами 3672-сон) билан янги таҳрирдаги Телекоммуникация хизматларини кўрсатиш қоидалари тасдиқланди. Ҳужжат уч ойдан кейин кучга киради.

 

Қоидалар телекоммуникация хизматларини кўрсатишда фуқароларга қулайликлар яратишга қаратилган бир қатор янгиликларни белгилайди.

 

Хусусан, мобил алоқа абонентининг шахсий ҳисобварағида маблағлар етарли бўлмаган тақдирда, мобил алоқа оператори ва абонент ўртасидаги шартномани бекор қилиш (рақамни мавжуд бўлмаган ҳолатга ўтказиш) муддати 2 ойдан 1 йилгача узайтирилади.

 

Абонентлар амалдаги тариф режасини исталган бошқасига бепул алмаштиришлари мумкин (муайян гуруҳлар ёки муайян чекланган ҳудудлар учун ишлаб чиқилган алоҳида тариф режаларига ўтиш бундан мустасно).

 

Амалдаги тарифлар шартлари ўзгарганда абонентлар бу ҳақда камида 15 кун олдин оммавий ахборот воситалари, расмий веб-сайт ёки СМС-хабарнома орқали мажбурий тартибда хабардор қилиниши керак.

 

Шунингдек, аҳолига, шу жумладан хизмат кўрсатиш шохобчасига бориш имкониятига эга бўлмаган фуқароларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида яшаш жойига бориш, олис ва чекка аҳоли пунктларида эса сайёр мобил алоқа хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилади.

 

Бундан ташқари, энди дастлаб бепул бўлган хизматларни абонентнинг розилигисиз пуллик хизмат тоифасига ўтказишга йўл қўйилмайди. Абонент – жисмоний шахсдан абонент тўлови ва хизматлар учун маблағларни ҳисобдан чиқаришда ҳисобварақни салбий ҳолатга (қарздорлик ҳолатига) етказиш тақиқланади.

 

Белгиланишича, абонентлар Президент виртуал қабулхонасининг ишонч телефонларига куну тун ва бепул қўнғироқ қилишлари мумкин.

 

Мобил алоқа тармоқларида абонент рақамларини кўчириш хизмат кўрсатиш пунктларида 20 дақиқа ичида амалга оширилади (илгари – 8 иш соатида).

 

Мобил алоқа абонентлари учун пуллик қўшимча хизматларга обуна бўлиш бўйича контент-хизматлар кўрсатишнинг янги тартиби қуйидагиларни назарда тутади:

  • хизматларни фаоллаштириш операторларнинг мобил иловалари ёки USSD-кодлар орқали амалга оширилади;
  • абонентларнинг розилигини олмасдан хизматларни автоматик равишда улашга ёки дастлаб бепул бўлган хизматларни пуллик хизматларга ўтказишга йўл қўйилмайди;
  • контент-провайдерлар томонидан абонентларга кўрсатиладиган барча пуллик хизматлар дастлаб нофаол ҳолатда бўлиши керак.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 28.04.2026 йилдан кучга киради.

 

Лола Абдуазимова