Вазирлар Маҳкамасининг 27.01.2026 йилдаги 29-сон қарори билан Янги замонавий сузиш ҳавзаларини (бассейн) қуриш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатларни қоплаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Регламентга мувофиқ, талабгорлар томонидан тақдим этилган дастлабки 100 та сузиш ҳавзасини қуриш ва фойдаланишга топшириш билан боғлиқ харажатлар Туризм қўмитаси томонидан компенсация қилинади.
Бунда, сузиш ҳавзаларини ташкил этиш харажатларининг 50 фоизигача бўлган қисмини қоплаш учун маблағлар (2026 йил 1 февралдан 2028 йил 1 январга қадар) 100 млн сўмдан ошмаган қисмида ажратилади.
Сузиш ҳавзаси (ёпиқ ёки очиқ) майдони 50-100 кв.м., чуқурлиги 1,3 метрдан, сувни фильтрлаш, иситиш ва дезинфексиялаш тизимига эга бўлиши керак.
Бинонинг ташқи ва ички фасадларини, шунингдек унинг ҳудудини декоратив безаш учун мўлжалланган сув ҳавзалари ва фавворалар субсидияга даъвогарлик қила олмайди.
Талабгор қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:
- солиқлар ва йиғимлар бўйича қарздорликнинг йўқлиги;
- қайта ташкил этиш ёки тугатиш жараёнида бўлмаслик;
- қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фаолиятни вақтинча тўхтатиб туришнинг мавжуд эмаслиги;
- тўловга қобилиятсиз деб топиш тўғрисида суд қарорининг йўқлиги.
Талабгор харажатларни қоплаш учун Давлат хизматлари марказига ёки ЯИДХП орқали Туризм қўмитасига ариза билан мурожаат қилади. Аризага қуйидагиларнинг нусхалари илова қилинади:
- сузиш ҳавзасининг лойиҳа ҳужжатлари;
- сузиш ҳавзасини қуриш ва фойдаланишга топшириш бўйича пудрат шартномалари;
- шартнома асосида тўлов амалга оширилганлигини тасдиқловчи электрон ҳужжатлар.
Қўмита томонидан субсидия ажратиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб 10 иш куни ичида маблағлар талабгорнинг ҳисоб рақамига ўтказиб берилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 28.01.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова



