Президентнинг 11.02.2026 йилдаги "Стартапларни қўллаб-қувватлаш комплекс экотизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-59-сон қарори қабул қилинди.
Мақсад – стартап лойиҳаларни барча босқичларда институционал, молиявий ва инфратузилмавий қўллаб-қувватлашни амалга ошириш.
2030 йилгача мақсадли кўрсаткичлар:
• стартап лойиҳалар сонини 5 мингтага, жалб қилинган венчур инвестициялар ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш;
• қиймати 1 млн доллардан ортиқ бўлган 500 та стартап лойиҳани компанияга айлантириш, қиймати 10 млн доллардан ортиқ бўлган 100 та стартап лойиҳани, қиймати 100 млн доллардан ортиқ бўлган 25 та стартап лойиҳани компанияга айлантириш, стартап лойиҳаларни ишга тушириш орқали 20 мингдан ортиқ янги иш ўринларини яратиш;
• ёшларнинг 2 мингта стартап ғояларини тижоратлаштириш, камида 400 та ёшларнинг стартап лойиҳаларини халқаро бозорларга олиб чиқиш.
Шунингдек, стартап ғоясини шакллантириш, стартап лойиҳасини ишлаб чиқиш, ишга тушириш ва кенгайтиришни ўз ичига олган 4 босқичли стартап экотизимини жорий этиш кўзда тутилган.
Стартап ғояларни шакллантириш босқичи
Босқичма-босқич, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ташкилотлари ўқувчилари ҳамда умумий ўрта таълим ташкилотларининг 9-11-синф ўқувчиларининг стартап ғояларини яратиш бўйича ҳар ойда камида икки маротаба "Маҳорат ва бизнес соати" тадбирларини ўтказиш режалаштирилмоқда.
Шу билан бирга, ўқувчилар ўртасида "Энг яхши стартап ғоя" танлови ўтказилиб, туман даражасидаги ғолибларга 5 миллион сўмгача, вилоят даражасидаги ғолибларга 10 миллион сўмгача мукофот берилади, уларнинг лойиҳалари Ёшлар ишлари агентлиги ва IТ-парк томонидан қўллаб-қувватланади.
2026 йил 1 апрелдан давлат органлари ва давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятида ўз соҳасидаги ҳал этилиши лозим бўлган муаммо ва масалалар бўйича краудсорсинг жорий этилади.
2026 йилдан бошлаб ҳар йили "Энг инновацион ғоя" республика танлови ўтказилади. У стартап лойиҳаларига айлантирилиши мумкин бўлган ғояларни аниқлайди. Бунда:
• танлов давлат ОТМларида ўтказилади, ғолибларга ташкилотнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан 100 млн сўм миқдорида грант берилади;
• республика босқичи 10 та йўналиш бўйича ўтказилади, мукофот жамғармаси Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан 10 млрд сўм миқдорида белгиланади;
• энг яхши ғоялар (идеатонлар) ва IТ-ечимлар (хакатонлар) танловлари ғолибларига грантлар ва қарзлар берилади.
Стартап лойиҳасини ишлаб чиқиш босқичи
2027 йилдан бошлаб лаборатория ва ускуналар, экспертлар, коворкинг зоналари ва бошқаларга эга бўлган тадқиқот ва ишланмалар марказлари (R&D center) ишга туширилади.
Йилига 10 тагача истиқболли лойиҳаларни синовдан ўтказиш учун танлаб олинган намунавий моделни (MVP) яратиш харажатларининг 50 фоизигача бўлган қисмини қоплаш учун (50 мингдан ошмаган) "R&D" ваучери тақдим этилади.
2026 йил 1 сентябрдан бошлаб олий таълим ташкилотларида "ОТМлар – стартаплар генератори" дастури ишга туширилади. Шу билан бирга, талабалар акселераторлари ташкил этилмоқда, нуфузли халқаро акселераторлар ва университетлар билан амалиёт ва алмашинув дастурлари жорий этилмоқда.
Стартап лойиҳани ишга тушириш босқичи
2026 йил 1 апрелдан бошлаб "Рақамли стартаплар" дастурида иштирок этувчи стартап-лойиҳаларга IT-парк резиденти мақоми берилади ҳамда уларга экспортнинг минимал кўрсаткичларини талаб қилмасдан қонунчиликда белгиланган тегишли имтиёз ва преференциялардан фойдаланишга рухсат берилади.
2026 йил 1 апрелдан бошлаб Стартаплар экотизимининг ягона электрон платформасида рўйхатдан ўтган стартаплар экотизими иштирокчиларига қуйидагилар компенсация қилинади:
• тегишли йўналишлар бўйича ўқув курсларида ўқиш ва сертификат олиш, шунингдек, нуфузли акселерация ва инкубация дастурларида иштирок этиш билан боғлиқ харажатларнинг 50% гача (лекин эквиваленти 20 минг доллардан ошмаслиги керак);
• патентлаш, шунингдек, интеллектуал фаолият натижалари ва савдо белгиларини рўйхатдан ўтказиш харажатлари.
Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан ёшларнинг стартап лойиҳаларига ҳар ойда маҳаллий инкубация ёки акселерация дастурларида иштирок этиш билан боғлиқ бадаллар учун йўналтириладиган, умумий суммаси БҲМнинг 100 бараваридан ошмайдиган грант ажратилади.
Стартап-лойиҳани кенгайтириш (экспорт) босқичи
Платформада муваффақиятли стартаплар реэстрига киритилган, солиқ ва муддати ўтган дебитор қарздорлиги бўлмаган, шунингдек, солиқ хавфи паст бўлган лойиҳаларга хорижий давлатларда корхоналарни ташкил этиш, уларнинг устав фондларини шакллантириш (устав фондида иштирок этиш) ёки филиалларни айланма маблағлар билан тўлдириш учун алоҳида қарорларсиз йилига 500 минг АҚШ долларигача бўлган маблағларни хорижий ҳисоб рақамларига ўтказишга рухсат берилди.
Шунингдек, IT-парк ҳузурида стартап-лойиҳаларга Платформага рўйхатдан ўтган кундан бошлаб 12 ойгача муддатга бепул асосда хизматлар кўрсатувчи Молиявий маслаҳат ва юридик ёрдам хизматини ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Молиявий ресурслар
Ҳужжатга кўра, 2026-2027 йилларда тўрт босқичли стартап экотизимини молиялаштириш учун 160 млн АҚШ доллари ва 130 млрд сўм йўналтирилади, хусусан:
• Жаҳон банки - 100 млн АҚШ доллари;
• Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси - 50 млн АҚШ доллари;
• Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси ва "Ёшлар вентурес" венчур жамғармасига ажратиладиган 10 млн АҚШ доллари (эквивалентда);
Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан ўтказиладиган танлов асосида стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва инфратузилмани ривожлантириш учун Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармасига ажратиладиган маблағлар доирасида 30 млрд сўм;
• "UzVC" миллий венчур фондига республика бюджети ҳисобидан 2026-2027 йилларда тенг миқдорда ажратиладиган 100 млрд сўм.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 13.02.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова



