Президент «Ҳуқуқий тажриба тўғрисида»ги қонунни (27.03.2026 й. ЎРҚ-1127-сон) имзолади.
Ҳуқуқий тажриба – бу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган орган томонидан унинг амал қилишини муайян ҳудудда ва (ёки) шахслар доирасида вақтинча жорий этиш орқали самарадорлигини ўрганишдир.
Қонунга кўра, НҲҲ қабул қилиш ҳуқуқи берилган давлат органи ёки мансабдор шахс ваколатли орган ҳисобланади. Ҳуқуқий тажрибани ўтказиш муддати 6 ойдан 3 йилгача бўлиши мумкин.
Қонун билан Ҳуқуқий тажрибаларнинг ягона реестрини юритиш ҳам назарда тутилган. Унга ҳуқуқий тажрибани ташкил этиш, ўтказиш ва унинг натижалари тўғрисидаги маълумотлар киритиб борилади.
Ҳуқуқий тажриба натижалари бўйича ваколатли орган у тугаганидан кейин 30 иш куни ичида ҳуқуқий тажриба якунлари тўғрисидаги ҳисобот асосида қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:
- тажриба тариқасида қабул қилинган нормани умуммажбурий норма сифатида қабул қилишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида;
- НҲҲни қабул қилиш мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида;
- ҳуқуқий тажриба ўтказиш муддатини узайтириш тўғрисида.
Ваколатли орган ҳисоботни ОАВда эълон қилиши ва жамоатчилик эътиборига ҳавола этиши шарт.
Ҳужжат Қонунчилик маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 29.06.2026 йилдан кучга киради.
Лола Абдуазимова



