Президентнинг 02.04.2026 йилдаги «Қишлоқ ва сув хўжалиги муҳандисларини тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-122-сон қарори қабул қилинди.
Мақсад – «Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» Миллий тадқиқот университетида таълим кластерини (мактабгача ва мактаб таълими – лицей – техникум – олий таълим, саноат, малака ошириш) ташкил этиш ва дуал таълим тизимини жорий этиш.
2026 йил 1 майдан бошлаб Университетда ўқитиш қуйидаги шаклларда ташкил этилади:
- дуал таълим асосида 6 ой муддатга назарий таълимдан ажралган ва жойларга чиққан ҳолда малакавий амалиёт;
- қолган бакалавриат таълим йўналишлари бўйича йил давомида назарий таълим билан тўлиқ интеграциялашган «4+2» шаклидаги амалиёт.
Шу билан бирга, Университетнинг етакчи профессор-ўқитувчилари ва илмий ходимлари вилоят ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича илмий маслаҳатчилари сифатида бириктирилади.
Талабаларнинг сайёр машғулотлари қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаси ташкилотлари ҳамда ҳудудий «Сувчилар мактаблари» негизида ташкил этилади.
Қуйидагилар 2026-2030 йилларда университетда илмий-тадқиқот ишларининг устувор йўналишлари этиб белгиланди:
- ҳудудлар шароити ва экин турларини ҳисобга олган ҳолда сув тежовчи технологияларни жорий этиш, очиқ, суғориладиган ва коллектор-дренаж тармоқларини ёпиқ тизимга ўтказиш;
- таназзулга учраган ва бузилган ландшафтларни тиклаш;
- гидроэнергетик иншоотлар ва гидротехник объектларнинг эксплуатацион ишончлилиги, конструктив мустаҳкамлиги ва хавфсизлик даражасини баҳолаш ва прогнозлаш;
- янги технологиялар, қишлоқ хўжалиги, фермер ва мелиоратив техникаларни синовдан ўтказиш ва бошқалар.
Университетда Истиқболли лойиҳалар офиси ташкил этилмоқда. Лойиҳа офиси давлат дастурлари доирасида молиялаштириладиган қишлоқ хўжалиги ва сувдан фойдаланиш муаммолари бўйича университетнинг фундаментал ва амалий тадқиқотларини мувофиқлаштиради.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 03.04.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова



