Вазирлар Маҳкамасининг 09.04.2026 йилдаги «Сурхондарё вилоятида иссиқхона хўжаликларини янада ривожлантириш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги 162-сон қарори қабул қилинди.
Мақсад – Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги иссиқхона хўжаликларини «Сурхон-Агро» эркин иқтисодий зонаси (кейинги ўринларда – «Сурхон-Агро» зонаси) ҳудудига кўчириш, уларнинг фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш, шунингдек озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва энергия тақсимотини самарали амалга оширишдир.
Иссиқхона хўжаликларини ихтиёрий кўчиришни рағбатлантириш ва улардан бўшаган ер майдонларидан келгусида самарали фойдаланишни таъминлаш учун:
- танлов асосидаги аукцион савдоларида иштирок этувчи жисмоний ва юридик шахсларнинг рўйхати Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Тошкент шаҳри ҳокимлиги ҳамда Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан тақдим этилади;
- иссиқхона хўжаликларини кўчиришдан бўшаган ер участкаларида ижарачилар томонидан интенсив боғдорчилик, узумчилик ва кўчатчилик йўналишларида фаолиятини давом эттиришга рухсат берилади.
Бунда давлат мулки бўлган ва тадбиркорлик субъектларига ижара ҳуқуқи асосида берилган ер участкаларидаги иссиқхоналар фаолияти тўхтатилиб, ер участкаларида бино ва иншоотлар қуриш (капитал қурилиш) ишларини амалга ошириш тақиқланади.
Иссиқхона хўжаликларини қўллаб-қувватлаш
Иссиқхона фаолиятини тўхтатиб, «Сурхон-Агро» зонаси ҳудудида фаолиятини давом эттирган тадбиркорлик субъектларига ажратилган миллий ва хорижий валютадаги кредитларни қайтариш муддатлари 5 йилга, шундан имтиёзли даври 3 йилгача узайтирилади.
Бундан ташқари, 2028 йил 1 апрелга қадар «Сурхон-Агро» зонаси ҳудудига кўчадиган иссиқхоналар учун иссиқхона конструкция ва ускуналарини демонтаж қилиш, ташиш ва қайта ўрнатиш билан боғлиқ харажатлар 1 сотих ер майдони учун бир марталик, бироқ 500 минг сўмгача миқдорда Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
Атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш
Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманларида 2026 йил 1 июндан бошлаб кўмир, мазут ва атмосферага зарарли ёқилғилардан фойдаланишни назарда тутувчи янги иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш ва давлат рўйхатидан ўтказишга рухсат берилмайди.
2026 йил 1 августдан бошлаб қуйидаги чекловлар ва оширилган тарифлар жорий этилади:
- иссиқхоналарга табиий газ етказиб бериш тўлиқ тўхтатилади ва мавжуд шартномалар белгиланган тартибда газ таъминоти ташкилотлари томонидан бекор қилинади;
- иссиқхоналар томонидан истеъмол қилинадиган сув ресурслари учун тўловлар (солиқ ставкаси) саноат корхоналари учун белгиланган энг юқори тарифларнинг 5 баравари миқдорида ҳисобланади.
2026 йил 1 августдан бошлаб иссиқхоналарда тақиқланган материалларни ёқиш натижасида атроф табиий муҳит ифлослантирилгани ва чиқиндилар жойлаштирилгани учун компенсация тўловлари йигирма бараварга оширилган ҳолда қўлланади.
Шунингдек, иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш учун давлат томонидан тақдим этиладиган қўллаб-қувватлаш чораларидан фойдаланишга чекловлар ўрнатилади:
- «маҳалла еттилиги»нинг коллегиал қарорлари асосида бериладиган барча турдаги ижтимоий ва моддий ёрдам ҳамда давлат томонидан бериладиган барча субсидия ва преференциялар;
- жисмоний ва юридик шахсларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга кредит линиялари ажратиш, кредит лимитларини белгилаш ва мавжуд кредитлар бўйича лимитларни қайта кўриб чиқиш.
Таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларига илмий мақсадлар учун, истисно тариқасида, экологик талабларга риоя этган ҳолда мавжуд иссиқхоналардан фойдаланишга рухсат этилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 10.04.2026 йил кучга кирди.
Лола Абдуазимова



