Президентнинг 30.04.2026 йилдаги "Ҳудудларда туризм инфратузилмасини жадал ривожлантириш ва соҳада лойиҳа бошқаруви тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-161-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 2026-2027 йилларда туризмни ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди, унда қуйидагилар назарда тутилган:
• туризм ва турдош соҳаларда 24 мингта янги иш ўринларини яратиш ва 16 мингта иш ўринларини "соядан" чиқариш;
• жойлаштириш воситалари сонини 8 250 тага, улардаги хоналарни 95 мингтага, шу жумладан меҳмонхоналарни 1 380 тага, улардаги хоналарни 45 мингтага етказиш.
Туристик маҳсулотларни лойиҳавий бошқаришни ташкил этиш
"Жозибадор жойлашув – лойиҳа – инфратузилма – тадбиркор – тарғибот – сайёҳ" лойиҳа бошқармаси 34 та туристик объектнинг бош режасини ишлаб чиқиш, шунингдек, 31 та туристик объектни (рўйхат бўйича) ташкил этиш ва фаолиятини ривожлантиришни ўз ичига олади.
Туризм қўмитаси ҳузурида давлат муассасалари ташкил этилади:
• Туристларга хизмат кўрсатиш маркази негизида туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳа офиси;
• "Ипак йўли" офиси негизида туристик маҳсулотларни ривожлантириш бўйича лойиҳа офиси.
Туристик инфратузилмани ривожлантириш бўйича лойиҳа офиси республика ёки маҳаллий даражадаги барча турдаги туристик зоналар ва туристик кластерлар дирекциялари (департаментлари) фаолиятини умумий мувофиқлаштиради.
2026 йил 1 июндан бошлаб Туризм қўмитаси томонидан зиёратгоҳлар ҳудудларини кенгайтириш ва улардан фойдаланиш бўйича алоҳида дизайн-код босқичма-босқич жорий этилади.
Бундан ташқари, давлат органлари, тадбиркорлар, инвесторлар ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни таъминлайдиган "давлат – бизнес – жамоатчилик – таълим" (Қуаттро) тизими жорий этилмоқда.
Туристик объектларда хизмат кўрсатиш сифатини ошириш
2026 йил 1 сентябрдан бошлаб Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан:
• 2030 йил 31 декабрга қадар хорижий давлатлардан таклиф этиладиган туроператорлар вакилларининг транспорт, яшаш ва овқатланиш харажатларининг бир қисми қоплаб берилади;
• маҳаллий туроператорларнинг хорижда ахборот-тушунтириш тадбирлари бўйича харажатларининг 25 фоизигача (лекин 500 млн сўмдан кўп бўлмаган) қисми қоплаб берилади;
• хусусий тадбиркорларнинг туристлар учун аниқ белгиланган ҳудуд ва график асосида маданий-оммавий ва бошқа тадбирларни йўлга қўйиш билан боғлиқ харажатларининг бир қисми қоплаб берилади.
Қуйидагилар тасдиқланди:
• 2026-2030 йилларда туризм лойиҳаларини амалга ошириш мумкин бўлган умумий майдони 1263 гектар бўлган 30 та истиқболли ер участкаларининг манзилли рўйхати;
• 2026-2027 йилларда туризм инфратузилмасини жадал ривожлантириш ва ҳудудларнинг туризм салоҳиятини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури;
• 2026-2027 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида туризмни ривожлантириш чора-тадбирлари.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 01.05.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова



