Экологик тоза ҳудудларнинг ҳуқуқий мақоми белгиланиши муносабати билан "Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча киритиш ҳақида"ги ЎРҚ-1145-сон Қонун қабул қилинди.
Унда ерларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишнинг янги режими – хўжалик фаолияти чекланадиган экологик тоза ҳудудлар белгиланди.
Бундай ҳудудлар курорт ва рекреация зоналаридаги атроф-муҳитга таъсири белгиланган меъёрлардан ошмайдиган, энергия тежамкор инфратузилма фаолияти таъминланган участкалардир.
Ушбу ҳудудларда экотизимларнинг барқарорлигини бузадиган, ер ости сувларининг ландшафти ва гидрогеологик ҳолатини ўзгартирадиган ишларни амалга ошириш, шунингдек, табиий комплексларга салбий таъсир кўрсатадиган саноат объектларини қуриш ва улардан фойдаланиш тақиқланади.
Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ пластик буюмларни ишлаб чиқариш ва сотиш тақиқланади.
Бундан ташқари, экологик тоза ҳудудларда курорт табиий ҳудудлари ва дам олиш зоналари учун жорий этилган чекловлар амал қилади:
• дарахт ва буталарни кесиш (санитар кесиш бундан мустасно);
• заҳарли кимёвий моддалардан фойдаланиш;
• чиқиндиларни сақлаш ва кўмиш;
• минерал сувлар ва шифобахш балчиқлардан ташқари фойдали қазилмаларни қазиб олиш;
• кимё, целлюлоза-қоғоз, металлургия саноати корхоналари фаолияти.
Шунингдек, давлат экологик экспертизаси хулосасига кўра муҳофаза этиладиган табиий объектлар ва мажмуаларга зарар етказиши мумкин бўлган бошқа ҳар қандай фаолият тақиқланади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 15.08.2026 йилдан кучга киради.
Лола Абдуазимова



