"Муқаддас Қурбон ҳайити муносабати билан аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва меҳр-саховат тадбирларини самарали ташкил этиш тўғрисида"ги Президент қарори (21.05.2026 й. ПҚ-196-сон) имзоланди.
Ҳужжат билан қуйидаги тоифадаги беморларнинг тиббий кўрикдан ўтиш, жарроҳлик амалиётлари ва даволаниш харажатларини қоплаш назарда тутилган:
• оғир ва ногиронликка олиб келадиган касалликларга чалинган 10 минг нафар бола – жарроҳлик амалиётларини бажариш учун;
• Онкологик, гематологик ва онкогематологик касалликлар аниқланган 2,3 минг нафар бемор – тиббий кўрикдан ўтиш, даволаниш ва жарроҳлик амалиётларини ўтказиш учун;
• камида 350 нафар бемор – жигар ва буйрак трансплантацияси операцияларини бажариш учун.
Шунингдек, қуйидаги тоифадаги болаларнинг депозит ҳисобварақларига 200 АҚШ доллари миқдорида пул мукофотлари ўтказилади:
• етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар (васийлик, ҳомийлик ва патронат остидаги болалар);
• "Меҳрибонлик" уйлари, оилавий болалар уйлари, кам комплектли болалар уйлари, SOS - болалар маҳаллалари тарбияланувчилари;
• Ватан сарҳадларини ҳимоя қилишда ҳалок бўлган ота-оналарнинг фарзандлари;
• "Taskin Children’с Hospice" болалар онкологик хосписида даволанаётган болалар.
Шу билан бирга, 500 та масжидда аҳолига муносиб шароит яратиш мақсадида замонавий таҳоратхоналар қуриш, реконструкция қилиш ёки таъмирлаш, жойлардаги қабристонларни ободонлаштириш ишлари амалга оширилади.
Ушбу тадбирлар давлат мақсадли жамғармалари маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан ажратиладиган 690 млрд сўм миқдоридаги маблағлар ҳисобидан "Вақф" хайрия жамоат фонди орқали молиялаштирилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 22.05.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова



