Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг буйруғи билан "Қимматли қоғозлар билан РЕПО битимларини амалга ошириш тўғрисида"ги низом тасдиқланди (25.06.2026-й.АВ рўйхат рақами 3860-сон).
Ҳужжат Ўзбекистон резидентлари томонидан республика ҳудудида қимматли қоғозлар, шу жумладан акциялар, облигациялар ва ҳосилавий қимматли қоғозлар билан РЕПО битимларини амалга ошириш тартибини белгилайди.
Низомга мувофиқ РЕПО битимлари РЕПО ташаббускори ва РЕПО акцептанти ўртасида қимматли қоғозлар савдоси ташкилотчиларининг савдо тизимлари орқали тузилади.
Бунда РЕПО битимларини рўйхатдан ўтказиш, шунингдек қимматли қоғозлар ва пул маблағлари бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби ва шартлари қимматли қоғозлар савдоси ташкилотчиларининг қоидалари билан белгиланади.
РЕПО битими ўзаро боғлиқ бўлган икки қисмдан иборат бўлиб, бунда битимнинг иккинчи қисми битим шартларида белгиланган муддат тугагандан сўнг рўйхатдан ўтказилган савдо тизимида автоматик равишда бажарилади.
Биржанинг котировкалаш варағига киритилган қимматли қоғозлар, агар эмитент ёки қимматли қоғоз халқаро кредит рейтингига ёки миллий рейтинг шкаласи бўйича унинг эквивалентига эга бўлса, Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингидан кўпи билан икки поғона паст бўлса, РЕПО битимлари бўйича таъминот сифатида ишлатилиши мумкин.
Бунда савдо ташкилотчиси РЕПО битимининг иккинчи қисми ижро этилгунга қадар битим бўйича мажбуриятларни тўлиқ бажариш учун томонларнинг пул маблағлари ва қимматли қоғозлари етарлилигини текширади, шунингдек ижро этиш санасидан камида бир кун олдин томонларга хабарнома юборади.
РЕПО битимининг шартлари ва муддатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга фақат томонларнинг ўзаро келишувига кўра йўл қўйилади.
Низомнинг амал қилиши давлат қимматли қоғозлари билан тузиладиган РЕПО битимларига татбиқ этилмайди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 25.06.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова





