Президентнинг 19.08.2026 йилдаги «Мамлакатда кичик ва микро гидроэлектр станциялари тармоғини ривожлантиришнинг навбатдаги чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-298-сон қарори қабул қилинди.
2026–2030 йиллардаги асосий мақсадлар:
- кичик ва микро ГЭСлар тармоғининг умумий қувватини 204 МВтгача ошириш ва йилига 620 млн кВт/соат экологик тоза электр энергиясини ишлаб чиқариш;
- янги кичик ва микро ГЭСларни ишга тушириш ҳисобига 350 мингта аҳоли хонадонини яшил энергия билан таъминлаш;
- кичик гидроэнергетикага оид ягона маълумотлар базаси ва рақамли платформани яратиш, сунъий интеллект технологиялари асосида техник-иқтисодий баҳолашларни ташкил этиш;
- ушбу соҳада «таълим – инновация – ишлаб чиқариш» кооперациясини йўлга қўйиш ва дуал таълимни ривожлантириш.
Ҳужжат билан 2026–2030 йилларда тармоқни кенгайтиришнинг мақсадли кўрсаткичларини ўз ичига олган кичик ва микро ГЭСларни қуриш ва ишга тушириш дастури тасдиқланди. 2027 йил 1 февралга қадар кичик ва микро гидроэнергетика лойиҳаларини аниқлаш, амалга ошириш ва эксплуатация қилиш жараёнларини мувофиқлаштириш ҳамда мониторинг қилиш мақсадида рақамли платформа ишлаб чиқилишини таъминлаш ва уни тажриба-синов тариқасида ишга тушириш режалаштирилмоқда.
Кичик ва микро ГЭСларни қуриш тартиб-таомилларини такомиллаштириш мақсадида уларни лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатация қилишда атроф-муҳитга оид ва ижтимоий талаблар мажбурий тартибда инобатга олиниши белгиланди.
Бундан ташқари, қуввати 5 МВтгача бўлан кичик ва микро ГЭСларни қуриш бўйича лойиҳа ташаббускорларини аниқлаш учун ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотиб олиш тарифини пасайтириш мақсадида «E-auksion» электрон савдо майдончасида ўтказиладиган электрон аукционда бошланғич нарх билан биргаликда энг қуйи нархни ҳам белгилаш тартиби жорий этилади.
Қуввати 100 кВтгача бўлган микро ГЭСларни лойиҳалаштириш ва қуришни соддалаштириш мақсадида уларни қурилиш объектларининг хавф-хатар тоифаси бўйича II мураккаблик тоифасига киритиш, шунингдек, қуввати 50 кВтгача ва иншоот ҳажми 300 куб метрдан ошмайдиган микро ГЭСларни шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизасидан ҳамда давлат архитектура-қурилиш назоратидан ўтказишдан озод этиш назарда тутилмоқда.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 25.08.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова





