Президентнинг 14.10.2026 йилдаги ПҚ-374-сон қарори билан яйлов ерларидан самарали фойдаланиш ва чорвачилик хўжаликларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.
2027 йил 1 январдан бошлаб бир бош йирик ва бир бош майда шохли мол учун тўғри келадиган майдон меъёрлари Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги томонидан ҳудудлар кесимида тасдиқланади. Меъёр беш гектардан ошмаслиги лозим.
Геоботаник тадқиқотлар натижаларига кўра яйловлар уч тоифага ажратилади:
|
Тоифа |
Ўтлатиш тартиби |
|
«Яшил» |
Ўтлатиш меъёрларига риоя қилинган ҳолда ўтлатишга рухсат берилади |
|
«Сариқ» |
Мажбурий тартибда алмашлаб ўтлатиш |
|
«Қизил» |
Чорва молларини ўтлатишга камида 3 йил муддатга мораторий |
Чорва сони мувофиқ бўлмаган ва ўтлатиш қоидаларини қўпол равишда бузган ижарачилар билан ижара шартномаларини бекор қилиш бўйича ижарага берувчининг даъволари автоматик тарзда шакллантирилади. Улар ҳудудий яйлов хўжалиги номидан «E-yaylov» платформасини Олий суднинг ахборот тизимлари билан интеграция қилиш орқали судга юборилади.
2028 йил 1 январдан бошлаб ёнғин ва бошқа табиий ҳодисалар натижасида яйлов маҳсулдорлигининг пасайишидан суғурталаш жорий этилади. Суғурта мукофотининг ярмини яйловдан фойдаланувчи, қолган ярмини Қишлоқ хўжалиги суғуртаси жамғармаси тўлайди.
Маҳалла фуқаролар йиғинларига жамоат яйловлари 49 йил муддатга бепул ижарага берилади ва уларга солиқнинг ноль даражали ставкаси қўлланилади. Фуқаролар уй шароитида боқиладиган чорва молларини бепул ўтлатади, ерларни муайян шахсларга бириктириш, иккиламчи ижарага бериш ва бўлиб олиш тақиқланади.
2026 йил 1 ноябрдан бошлаб яйловларда тик қудуқлар фақат Агентлик томонидан тасдиқланадиган қудуқларнинг энг мақбул жойлашув харитаси асосида қазилади. Бюджет ҳисобидан қурилган қудуқлар чорвачилик субъектларига жамоавий фойдаланиш шарти билан бепул фойдаланишга берилади.
Йирик чорва мажмуалари ва озуқа омборлари қуриладиган ер участкалари бошланғич нархи меъёрий қийматнинг 50 фоизи миқдорида белгиланган ҳолда электрон онлайн аукционга чиқарилади.
Шунингдек, Президентнинг 30.01.2025 йилдаги ПФ-15-сон Фармони билан назарда тутилган ҳудудий яйлов хўжаликларига тегишли яйловларни тўғридан-тўғри ижарага бериш ваколати 2026 йил якунига қадар узайтирилди.
Ҳужжат Қонунчилик маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2026 йил 15 октябрдан кучга кирган.
Илхам Ибрагимов




