Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Малака сертификати муддати узайтирилган аудиторлар рўйхати эълон қилинди - buxgalter.uz да ўқингҲисобварақ-фактуралардаги бош бухгалтер имзоси қаерга «йўқолди» - buxgalter.uz да ўқингАутсорсер билан ўзаро муносабатларда муаммолар бўлмасин - buxgalter.uz да ўқингМеҳнат дафтарчаси йўқ – стаж ҳам бўлмайдими? - buxgalter.uz да ўқинг

1 ноябрдан қонунчиликда нималар ўзгаради

28.10.2020

Рус тилида ўқиш

 

Айрим солиқ имтиёзларини бекор қилиш, божхонада, давлат харидларида, IT-соҳа ва туризмда янги тартиблар. Бу ҳақда батафсил - «Норма» портали шарҳида.

 

Солиқ имтиёзлари қисман қисқартирилади

 

1 ноябрдан бошлаб Солиқ кодексида назарда тутилган қуйидаги имтиёзлар бекор қилинади:

 

а) ер солиғи бўйича эгаллаган ер участкалари:

  • соғломлаштириш ҳамда дам олиш жойлари, хусусан дам олиш уйлари;
  • аҳолининг оммавий дам олиши ва туризм учун жойлар, агар улар тадбиркорлик фаолияти учун ажратилган бўлса;
  • санаторий-курорт объектлари, агар улар туристик зоналарда жойлашган бўлса;

Кўрсатилган ер участкаларида фойдаланилмаётган майдонлар бўйича ер солиғининг оширилган ставкалари қўлланилади (батафсил қаранг);

б) мол-мулк солиғи бўйича санаторий-курорт хизматлари кўрсатиш учун фойдаланиладиган кўчмас мулк объектлари, агар улар туристик зоналарда жойлашган бўлса. Фойдаланилмаётган соғломлаштириш ва рекреацион ер майдонлари учун оширилган солиқ ставкаларини қўллаш механизми алоҳида ишлаб чиқилади.

 

Давлат харидларида ислоҳтлар давом этади

 

1 ноябрдан давлат харидларида қатор қоидалар амал қила бошлайди:

а) корпоратив буюртмачилар умумий қиймати БҲМнинг 50 000 бараваридан юқори бўлган импорт товарлари (ишлар, хизматлар) харидларининг мақсадга мувофиқлигини кузатув кенгашларига (таъсисчиларнинг умумий йиғилишига) кўриб чиқиш учун тақдим этишлари шарт. Бундай харидларнинг рўйхати ҳар чоракда тасдиқланади;

б) хорижда ишлаб чиқарилган алоҳида товарлар, шунингдек, хорижий шахслар томонидан бажариладиган ишларнинг (хизматларнинг) давлат харидларидаги иштироки вақтинчалик чегараланиши мумкин. Ҳукумат қуйидагиларга асосланган ҳолда махсус рўйхатни («қора рўйхат») шакллантиради ва тасдиқлайди: 

  • Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ва ССПнинг ҳудудий ҳокимиятлар билан келишилган қўшма таклифлари;
  • cooperation.uz порталида жойлаштириладиган ҳамда тегишли сертификатларга эга бўлган товарлар (ишлар, хизматлар) ва уларнинг ишлаб чиқарувчилари ҳақидаги маълумотлар;

в) тендер (танлов) иштирокчилари таклифларини баҳолашда маҳаллий ишлаб чиқарилган товарларга нисбатан импорт товарларининг CIP (Ўзбекистон) нархидан 15%дан кўп бўлмаган миқдорда преференция берилади;

г) ҳудудий бюджет буюртмачиларининг харид комиссиялари таркибига Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича ёрдамчилари мажбурий тартибда киритилади.

 

Ушбу янгиликлар қуйидаги харид жараёнлари ва шартномаларга нисбатан татбиқ этилмайди:

  • халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган;
  • Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг товарлар (ишлар, хизматлар) харид қилишнинг бошқа тартиби ўрнатилган алоҳида қарорлари бўйича тузиладиган;
  • мудофаа қобилиятини, хавфсизликни таъминлаш ва ички тартибни сақлаш мақсадида амалга ошириладиган, шунингдек, давлат сирлари билан боғлиқ бўлган.

 

Бизнесга – ўсимликлар карантини масалаларида кўмак

 

Экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, тайёрлаш ва қадоқлаш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига ўсимликлар карантини давлат инспекторлари бириктирилади. Улар маҳсулотларни хорижий давлатлар фитосанитария талабларига мувофиқлаштиришади, бизнесга маслаҳатлар ва амалий ёрдам беришади.

 

Ўз ҳудудида аниқланган зарарли организмлар ҳамда фитосанитар дала назоратини ўтказиш тўғрисида Инспекцияга ихтиёрий мурожаат қилган ва уларнинг оқибатларини бартараф этган шахслар маъмурий жавобгарликдан озод қилинади.

 

Божхонада янгиликлар

 

Божхона соҳасида 1 ноябрдан қуйидаги ўзгаришлар рўй беради:

  • БЮДни расмийлаштириш вақти хавф даражасидан келиб чиқиб, 3 суткадан 1 кунгача қисқартирилади;
  • товарларни божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориш ўрнига кўпроқ божхона назоратининг муқобил турларидан фойдаланилади;
  • ДБҚнинг хавфларни бошқариш тизими автомобиль чегара божхона постларида пайдо бўлади;
  • транспорт воситаларини вақтинчалик олиб киришда ташувчи онлайн режимида қайта олиб чиқиш муддати узайтириши ва тегишли йиғимни тўлаши мумкин;
  • “божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимида қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормасини идентификациялаш ва баҳолаш услубияти тадбиркорлик субъектининг ўзи томонидан ишлаб чиқилади.

 

IT-cоҳасида янги тартибга солиш

 

«Рақамли Ўзбекистон–2030» стратегиясини амалга ошириш доирасида 1 ноябрдан бошлаб:

а) ахборот технологияларига ўқитиш, аппарат-дастурий воситаларни ишлаб чиқиш ва реализация қилиш, робото-техника, Интернет тармоғи орқали ахборот хизматларини экспорт қилиш, шунингдек, маълумотларни сақлаш ва ҳисоблаб қайта ишлаш соҳасида хизмат кўрсатадиган резидент ҳисобланган юридик шахслар IТ-парк резиденти мақомини олиши мумкин бўлади;

б) ёпиқ биноларда алоқани ташкил этиш мақсадида мобиль алоқа операторлари учун ажратилган радиочастота доирасида 500 мВт дан ошмайдиган қувватда ишлайдиган база станцияларидан фойдаланишга рухсатномани расмийлаштириш бўйича талаблар (таснифланган объектлар яқинида ўрнатиладиган мобиль алоқа база станциялари бундан мустасно) бекор қилинади;

в) мобиль алоқа операторлари:

  • телекоммуникация қурилмалари ва иншоотларининг қурилиш-монтаж, реконструкция, синовдан ўтказиш ва интеграция қилиш ишларини якунлаш ҳамда тижорат мақсадида фойдаланишни йўлга қўйиш, шунингдек, телекоммуникация қурилмалари ва иншоотларининг конструкциясини ўзгартириш, мавжуд қурилмалардаги ҳамда телекоммуникация линиялари ва иншоотларидаги ускуналарни кенгайтириш бўйича хабардор қилиш тартибидан фойдаланадилар;
  • радиоэлектрон қурилмалар, асбоб-ускуналар ва бошқа қурилмаларни Ўзбекистонга олиб кириш рухсатномасини, сотиб олиш, ўрнатиш, лойиҳалаш ва қуриш учун рухсатнома олмасдан, белгиланган тартибда расмийлаштиришлари мумкин;

г) инвестиция лойиҳалари ҳамда жалб этилаётган халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари ва донор мамлакатлар маблағлари умумий миқдорининг 5%дан кам бўлмаган қисми «рақамли» компонентларга йўналтирилади;

д) барча вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида раҳбар ўринбосарларидан бирига рақамлаштириш бўйича (Chief Digital Officer) ваколатлари юклатилади.

 

Янги устамалар жорий қилинмоқда

 

1 ноябрдан бошлаб қуйидаги ҳар ойлик устамалар жорий этилад:

а) Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказий аппарати ва соғлиқни сақлаш ҳудудий бошқарув органлари ходимларига - кўп йиллик ишлаганлик,  рағбатлантириш коэффициентини инобатга олган ҳолда лавозим маошига нисбатан коэффициентларда:

  • 1 йилдан 3 йилгача — 0,3;
  • 3 йилдан 5 йилгача — 0,6;
  • 5 йилдан 10 йилгача — 0,8;
  • 10 йилдан 15 йилгача — 1;
  • 15 йилдан 20 йилгача — 1,2;
  • 20 йилдан юқори — 1,5.

б) Ўзбекистон Бадиий академияси марказий аппарати ходимларига - лавозим маошига 100% миқдорида (бюджет маблағлари ҳисобидан).

 

Кекса саёҳат қилувчилар учун - имтиёзлар

 

1 ноябрдан 30 ноябргача биринчи ҳар йилги кексалар учун туризм ойлиги ўтказилади. Унинг доирасида туризм объектларида турли чегирмалар ва акциялар, саёҳат қилувчилар учун чипталарга чегирмалар кутилмоқда. Маданий мерос объектларига кириш чипталари нархларини арзонлаштириш режалаштирилмоқда. Тафсилотлар Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Маданият вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Uzbekistan Airways ва Ўзбекистон темир йўлларининг сайтларида эълон қилинади.

 

Олег Заманов.