Президент Администрацияси ҳузуридаги Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикасида тан олинган халқаро, хорижий ва нодавлат аккредитация ташкилотлари реестрини юритиш ва уларнинг таълим дастурларини аккредитациядан ўтказиш бўйича фаолиятини назорат қилиш тартиби белгиланди (13.02.2026-й. АВ рўйхат рақами 3774-сон).
Аккредитация ташкилотларини реестрга киритиш Аккредитация ташкилотларининг реестрини юритиш бўйича комиссиянинг қарори асосида амалга оширилади.
Таълим дастурлари Вазирлар Маҳкамасининг "Ўрта махсус, касбий, олий ва олий таълимдан кейинги таълим, шунингдек, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ташкилотларини комплекс ҳамда махсус давлат аккредитациясидан ўтказиш тизимини жорий этиш тўғрисида"ги 06.08.2025 йилдаги 498-сон қарори билан тасдиқланган мезонлар бўйича ижобий баҳоланган ҳисобланади.
Аккредитация ташкилотларини реестрга киритиш шартлари:
• аккредитация ташкилоти сифатида фаолиятни амалга ошириш учун ваколатларнинг (ҳужжатнинг) мавжудлиги;
• аккредитацияга қўйиладиган халқаро талаблар, аккредитация ташкилотининг баҳолаш мезонлари ва тартиб-таомиллари Ўзбекистон Республикасининг аккредитацияга қўйиладиган давлат талабларига, баҳолаш мезонлари ва тартиб-таомилларига зид бўлмаса;
• таълим сифатини таъминлаш тармоқларининг тўлақонли аъзоси бўлиш (таълим сифатини таъминлаш бўйича нуфузли халқаро ассоциациялардан камида биттасига аъзо бўлиш);
• экспертлар умумий сонининг камида 30 фоизи хорижий мутахассислар бўлиши керак (халқаро ва хорижий аккредитация ташкилотлари учун);
• халқаро аккредитациядан ўтган таълим ташкилотлари тўғрисидаги маълумотлар уларнинг расмий веб-сайтида мавжуд.
Аккредитация ташкилотини реестрга киритиш тўғрисидаги ариза ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар Агентлик томонидан у олинган санадан бошлаб беш иш куни мобайнида кўриб чиқилиши керак.
Аккредитация қилувчи ташкилотнинг қарори қабул қилинган кундан эътиборан уч иш куни ичида амал қилиш муддати беш йил бўлган сертификат берилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 16.02.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова



