Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Молия вазирлиги МҲХС асосида Ҳисоб сиёсати бўйича услубий тавсияларни эълон қилдиАгар қоғоз шаклидаги ҳисобварақ-фактуралар ўзини намоён қилган бўлса, нима қилиш лозим?“Фаолият тўғрисида маълумотлар”ни топшириш зарурми?

Банкларнинг мижозлар билан ўзаро муносабатларда нима ўзгаради

20.01.2021

Рус тилида ўқиш

МБ бошқаруви “Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қарорни қабул қилди (рўйхат рақами 3030-6, 14.01.2021 й.)

 

Биринчидан, банк хизматлари истеъмолчиларининг банклар билан ўзаро муносабатларга, шу жумладан интернет-банкинг тизими ва мобиль иловаси орқали ўзаро муносабатларга ҳуқуқлари мустаҳкамланган (1-б. 3-хатбошиси; 18-б.). Банк хизматлари оммавий оферта тарзидаги шартнома асосида ҳам кўрсатилиши мумкин (3-б.).

 

Иккинчидан, банк хизматини кўрсатиш шартномаси ўзбек тилида тузилади, истеъмолчи ва банкнинг ўзаро келишувига мувофиқ шартнома бошқа тилда ҳам тузилиши мумкин (илгари - ўзбек ёки рус тилида). Банк хизматлари тўғрисидаги ахборот ҳам ахборотни бошқа тилларда тақдим этиш имконияти билан ўзбек тилида тақдим этилади (7-б.).

 

Учинчидан, қўшимча киритилди, унга мувофиқ шартнома масофавий хизмат кўрсатиш тизимлари орқали тузилганда, истеъмолчи шартнома тузилган кунда, мазкур тизимлар орқали шартномадан фойдаланиш ва ундан нусха олиш ҳуқуқига эга (п. 121-б.). Истеъмолчига ўзининг шахсий кабинетида (веб-сайтида, интернет-банкинг тизимида/мобиль иловасида) нафақат кредит шартномаси тўғрисидаги, балки банк омонат шартномаси тўғрисидаги ахборотдан фойдаланиш имконияти тақдим этилади (18-б.).

 

Тўртинчидан, банк хизматини кўрсатиш ҳақидаги шартнома, истеъмолчи томонидан берилган ариза ва истеъмолчига кредит берилганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиш муддати 10 иш кунидан 5 иш кунига қадар қисқартирилди (12-б.). Судгача ҳал қилиш бўйича талабномага истеъмолчи ўз мажбуриятларини бажариши лозим бўлган минимал муддат тўғрисидаги банд киритилди - 10 кун (44-б.). У ўтгач банк тегишли талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақли бўлган 30 кунлик муддат чиқариб ташланди (46-б.).

 

Бешинчидан, банк томонидан истеъмолчига тақдим этиладиган ахборотнинг минимал ҳажми қайта кўриб чиқилди. Банк қуйидагиларни жойлаштириши керак:

  • ўзининг расмий веб-сайтида: банк хизмати бўйича намунавий шартномаларни;
  • банкнинг ахборот стендларида ва расмий веб-сайтида: чет эл валюталарини сотиш/сотиб олиш курслари, алмаштириш курслари, шунингдек валюта айирбошлаш операциялари учун ундириладиган воситачилик ҳақи миқдорларини (агарда мавжуд бўлса).

 

Энди банкларга қуйидагилар ҳам тақиқланди:

  • микроқарз шартномалари бўйича йиллик қарз суммасининг ярмидан кўп миқдорида фоизлар ҳисоблаш, комиссия ва неустойка (жарима, пеня) ундириш, жавобгарликнинг бошқа чораларини қўллаш;
  • кредит буюртмаларини кўриб чиқиш, ссуда ҳисоб рақамларига хизмат кўрсатиш, кредитлар ажратиш учун тўловлар, шунингдек, жисмоний шахслар ва кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан кредитлар (микроқарзлар)ни муддатидан илгари қоплаш учун неустойка (жарима, пеня) ундириш.

 

Банк хизматлари истеъмолчисига мавжуд қарзлар ҳақида оғзаки эслатмалар қилишга йўл қўйилмайдиган вақт оралиғи белгиланди - маҳаллий вақт билан соат 20:00 дан 8:00 гача.

 

Шунингдек, қуйидаги бандлар киритилди:

  • гаров шартномасида банкнинг гаров таъминотига қўйилган талаблардан келиб чиққан ҳолда қарз олувчининг кредитнинг қопланмаган қисмидан ортиқ суммада гаров таъминоти суммасини камайтириш ҳуқуқини мажбурий киритиш ҳақида (375-б.);
  • банк бўлимида терминал орқали тўловларни амалга ошириш ёки банк картасидаги пул маблағини нақдлаштиришда банк карта эгаси (ёки ваколат берилган шахс)нинг ушбу картанинг "PIN-код"ини мустақил териш ҳуқуқи ҳақида (384-б.);
  • банкнинг омонатчига унинг пул маблағлари омонатга қабул қилинганлиги тўғрисидаги тегишли ҳужжатни ёзма шаклда ёки масофавий хизмат кўрсатиш тизимлари орқали электрон тарзда тасдиқлаб бериш мажбурияти ҳақида (244-б.);
  • банкнинг ўз ходимининг хизмат вазифасини бажариши давомида йўл қўйган ножўя хатти-ҳаракатлари натижасида омонатчига етказилган зарарлар бўйича жавобгарлиги ҳақида (60-б.).

 

Бошқа ўзгартириш ва қўшимчалар ҳам назарда тутилган.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 15.04.2021 йилдан кучга киради.

 

Наргиза Воҳидова.