Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Онлайн-НКМ ва виртуал касса солиқ органларида қандай тарзда рўйхатдан чиқариладиНима учун январь ойи ҳисоботида айланмадан олинадиган солиқ ставкаси нотўғри қўлланиладиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинмиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинми

Бошқа далилларсиз кўрсатувлар мақбул эмас деб топилади

10.04.2018


4.04.2018 йилдаги ЎРҚ–470-сон Қонун билан Жиноят-процессуал кодексда (ЖПК) далилларнинг мақбул эмаслигини ҳуқуқий тартибга солишга янгича ёндашув жорий этилди. 

 

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 30.11.2017 йилдаги «Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ–5268-сон Фармони шарҳида айрим ўзгартиришлар ҳақида олдиндан хабар берган эдик.

 

ЖПК янги 95-1-модда билан тўлдирилди. Унда далилларнинг мақбул эмаслиги тўғрисидаги амалиётда мавжуд айрим қоидалар қонуний жиҳатдан белгиланди (Олий суд Пленумининг 24.09.2004 йилдаги «Суд томонидан жиноят ишларини биринчи босқич судида муҳокама этиш жараёнида процессуал қонунчиликка риоя қилиниши тўғрисида»ги 12-сон қарорига қаранг). Энди қонунда белгиланганидек, агар фактик маълумотлар қонунга хилоф усуллар орқали ёки жиноят процесси иштирокчиларини қонун билан кафолатланган ҳуқуқларидан маҳрум қилиш ёки бу ҳуқуқларни чеклаш йўли билан ёхуд ЖПК талаблари бузилган ҳолда олинган бўлса, улар далил сифатида мақбул эмас деб топилади.

 

Бундай ҳолатлар рўйхати ҳам келтирилди, у батафсил эмас. Қуйидаги усулда олинган фактик маълумотлар далил бўла олмайди:

 

1) жиноят процесси иштирокчиларига ёки уларнинг яқин қариндошларига нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаган ҳолда;

 

2) уларни сохталаштириш (қалбакилаштириш) йўли билан – бунинг учун жавобгарлик тўғрисида бу ерда сўз юритилган;

 

3) гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг ҳимояга бўлган ҳуқуқлари, шунингдек таржимон хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқи бузилган ҳолда;

 

4) жиноят иши бўйича процессуал ҳаракатнинг мазкур жиноят ишини юритишни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан бажарилиши натижасида;

 

5) номаълум манбадан ёхуд жиноят ишини юритиш жараёнида аниқлаш мумкин бўлмаган манбадан;

 

6) жабрланувчи, гувоҳ, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг суриштирувдаги, дастлабки терговдаги судда далиллар мажмуи билан ўз тасдиғини топмаган кўрсатувларидан.

 

Охирги банд инқилобий янгилик бўлди. Бунгача бошқа фактик маълумотлар билан тасдиқланмаган кўрсатувлар ишончсиз ёки етарсиз кўрсатувлар сифатида рад этилиши мумкин эди (ЖПКнинг 95-моддаси тўртинчи қисмига қаранг), бироқ уларга мақбул деб топилмайдиган (қонунга хилоф) кўрсатувлар сифатида қаралмас эди. Тегишинча, суд ўзининг ички ишончи бўйича шахснинг айбдорлиги кўрсатувларнинг ўзи билан белгиланганлиги хусусида бир қарорга келса, айблов ҳукми чиқарилиши мумкин эди.

 

Шартли мисол: Аёл фараз қилинган ҳодиса юз бергандан кейин бир неча ой ўтгач зўрлангани тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилди. Табиий сабабларга кўра ашёвий ва бошқа далилларни топишнинг имкони бўлмайди (тан жароҳатлари вақт ўтиши билан битади, биологик ва бошқа излар йўқолади ёхуд яроқсиз ҳолга келади ва ҳ.к.). Суд ўзининг ички ишончи бўйича жабрланган аёл ҳақиқатни гапираяпти деган қарорга келса, назарий жиҳатдан айблов ҳукми чиқарилиши мумкин эди.

 

Энди судларнинг бундай тартибда қарор қабул қилишлари тўғридан-тўғри равишда тақиқланди. Сабаби оддий – бундай шароитда кишининг айбдорлиги ҳақида холисона равишда етарлича ишонч ҳосил қилиб бўлмайди. Бунда битта кўрсатувни бошқалари билан тасдиқлашга йўл қўйилади, ашёвий ва ёзма далилларнинг мавжуд бўлиши шарт эмас.   

 

Шунингдек гувоҳ, жабрланувчи, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчидан ЖПК нормалари бузилган ҳолда олинган кўрсатувлардан, эксперт хулосасидан, ашёвий далиллардан, аудио-, видеоёзувлардан ва бошқа материаллардан далил сифатида фойдаланиш тақиқланади. Муаллифнинг фикрича, ушбу тақиқ процесс тарафларининг далилларни тақдим этиш ҳуқуқига зиён етказган ҳолда талқин қилиниши керак эмас. 

 

Шартли мисол: Фирибгарнинг хатти-ҳаракатларидан жабрланган шахс мобил қурилмадаги махсус илова ёрдамида у билан телефон орқали мулоқотини ёзиб олди. Ушбу ёзув жиноятчи алдов йўли билан қурбонидан пул маблағларини олганлигини тасдиқлайди. Бунда ЖПКнинг 170-моддасига мувофиқ, телефон ва бошқа сўзлашув қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш учун суриштирувчи ёки терговчи прокурорнинг санкциясини олиб чиқарган қарор талаб этилади, эшитиб туришни эса Давлат хавфсизлик хизмати амалга оширади. Шунга қарамай, ЖПКнинг 198–202, 205-моддаларида фуқароларга ўзларида мавжуд бўлган ашёвий далилларни тергов ва судга тақдим этиш ҳуқуқи берилган. Шу сабабли уларни мақбул эмас деб топиб бўлмайди, сабаби фуқароларнинг ўз ҳаётида рўй бераётган ҳодисаларни аудиоёзув, видеоёзувга олишлари ва ҳ.к. тақиқланмаган.

 

Бу – муҳим! Фактик маълумотлардан далил сифатида фойдаланишнинг мақбул эмаслиги терговга қадар текширувни амалга ошираётган органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суднинг ўз ташаббуси билан ёки иштирокчиларнинг илтимосномаси бўйича аниқланади. Мансабдор шахс далилларнинг мақбул эмаслиги тўғрисидаги масалани ҳал қилаётганида ҳар бир ҳолатда йўл қўйилган бузилиш нимада аниқ ифодаланганлигини аниқлаб олиши ва асослантирилган қарор қабул қилиши шарт.

 

Ҳужжат «Халқ сўзи» газетасида 5.04.2018 йилда эълон қилинган.  

 

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

 

Самир Латипов.

 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_

Валюталар курси

2024-05-03
  • USD:12670.05 (+0.00) сум
  • EUR:13560.75 (+0.00) сум
  • RUB:138.00 (+0.00) сум