27.03.2026 йилдаги ЎРҚ-1124-сон Қонун билан бир қатор қонун ҳужжатларига атроф-муҳитни, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилишни кучайтиришга ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Хусусан, «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунда эндиликда атроф табиий муҳитга таъсир кўрсатишнинг I ва II тоифаларига мансуб фаолият турлари билан шуғулланувчи юридик шахслар ифлослантирувчи манбаларга ўрнатилган автоматик мониторинг станцияларидан олинган маълумотларни Давлат экологик мониторинг тизимининг ягона геоахборот маълумотлар базасига реал вақт режимида киритиши шартлиги белгиланмоқда.
Бунда ягона геоахборот базасига маълумотларни киритмаганлик, тўлиқ киритмаганлик ёки нотўғри маълумотларни киритганлик учун БҲМнинг 100 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима қўлланилиши белгиланди.
«Чиқиндилар тўғрисида»ги қонун фуқароларга тегишли бўлмаган жойга ташланган чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш ёки уларни олиб чиқиб кетиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш мажбуриятини юклайди. Чиқинди тўплаш майдонлари ва улардаги қўриқланмайдиган иншоотлардан чиқиндиларни ноқонуний йиғиш ва олиб чиқиб кетиш учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.
«Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонунга давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кўчириб ўтказишга рухсатнома бериш тартибини жорий этиш билан боғлиқ ўзгартиришлар киритилмоқда.
Атроф табиий муҳитни ифлослантирганлик, ер, ер ости бойликларидан фойдаланиш шартларини бузганлик, қишлоқ хўжалиги экинзорлари, ўрмонлар, дов-дарахтлар ва бошқа ўсимликларга шикаст етказганлик ёки уларни нобуд қилганлик учун жиноий жазо чоралари кучайтирилмоқда.
Шунингдек, аҳоли пунктларидаги ирригация тизимларини кўмиб юбориш, кўп квартирали уйларга туташ тупроқ ва яшил қопламали участкаларни ўзбошимчалик билан бетонлаш каби ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Ўрмон фонди ерларини қонунга хилоф равишда бериш, улардан фойдаланиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, БҲМнинг 300 бараваридан 400 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланди.
Шунингдек, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари ёрдамида қайд этилган экологик ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 28.06.2026 йилдан кучга киради.
Лола Абдуазимова



