Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи билан "Электрон рецепт" тизимини босқичма-босқич жорий этиш тартиби тасдиқланди (15.12.2025 й. АВ рўйхат рақами 3725-сон).
"Электрон рецепт" тизими босқичма-босқич Тошкент шаҳри ва 15 та тажриба туман ва шаҳарларида: Янгийўл, Самарқанд, Чимбой, Асака, Ғиждувон, Ғаллаорол, Китоб, Хатирчи, Чортоқ, Булунғур, Иштихон, Денов, Сирдарё, Қува ва Шовот туманларида жорий этилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида экспертлар кенгаши ташкил этилган бўлиб, у ҳар ойда бир марта (зарурат бўлганда ҳар ҳафта) тиббиёт ҳамжамияти, фармацевтика сектори вакиллари ва бошқа манфаатдор мутахассислар иштирокида очиқ йиғилишлар ўтказади.
Тиббиёт муассасалари ва дорихоналар DMED ахборот тизимига бепул уланади, уларнинг ахборот тизимларини Соғлиқни сақлаш вазирлигининг рақамли платформаси билан интеграция қилиш ҳам зарур техник шартлар мавжуд бўлганда бепул амалга оширилади.
Электрон рецепт бўйича дори воситалари рўйхатларини шакллантириш босқичма-босқич амалга оширилади, ҳар бир босқичда алоҳида рўйхатлар тасдиқланади ва эксперт кенгаши томонидан тайёрланади.
Тизимни жорий этишнинг биринчи босқичида электрон рецепт қуйидагилар учун мажбурий ҳисобланади:
- антибиотиклар, синтетик антибактериал препаратлар;
- тизимли таъсирга эга гормонал препаратлар.
Шифокор дори воситаларининг халқаро патентланмаган номи (ХПН) бўйича электрон рецепт ёзади ва расмийлаштиради ҳамда рецептларни электрон тизимга киритади.
Дорихоналарда рецепт бўйича бериладиган дори воситалари беморнинг ЖШШИРидан фойдаланган ҳолда электрон рецепт асосида берилади. Бунда ўтиш даврида истисно ҳолатларда ва фавқулодда вазиятларда қоғозли рецептларни расмийлаштириш имконияти сақлаб қолинади.
Агар дори воситаси учун рецепт қоғоз шаклида ёзилган бўлса, шифокор рецептнинг юқори қисмида беморнинг идентификация рақамини (ЖШШИР) кўрсатиши шарт. Бунда қоғозли рецептдаги маълумотлар фармацевт томонидан мажбурий тартибда "Электрон рецепт" модулига киритилади.
Чет эл фуқаролари тиббий ёрдам ва дори-дармонларни, шу жумладан шошилинч ҳолатларда ҳам олишлари мумкин. Улар умумий шартларда электрон рецепт олиш мақсадида давлат тиббиёт муассасаларида рўйхатдан ўтишлари мумкин.
Бундан ташқари, куну тун ишлайдиган 1003 cалл-маркази ишга туширилди, у орқали тўшакда ётган ва сурункали касалликларга чалинган беморлар оилавий шифокорга мурожаат қилишлари мумкин.
Сурункали касалликларга чалинган беморлар учун рецепт ёзишнинг алоҳида тартиби белгиланган бўлиб, у қуйидагиларни тайинлаш имкониятини назарда тутади:
- 60 кунгача даволаниш – Халқаро касалликлар таснифига (ХКТ) мувофиқ кодланган сурункали касалликларни даволашда буюриладиган дори воситалари ва яққол анаболик фаолликка эга дори воситалари учун;
- даволовчи шифокорнинг қарорига кўра 90 кунгача даволаниш – бошқа тайёр дори воситалари учун (30 кунгача реимбурсатсия доирасида).
Бунда электрон рецепт ва тегишли QR-коднинг амал қилиш муддати белгиланган даволаш курси даврига узайтирилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 16.12.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова



