Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Малака сертификати муддати узайтирилган аудиторлар рўйхати эълон қилинди - buxgalter.uz да ўқингҲисобварақ-фактуралардаги бош бухгалтер имзоси қаерга «йўқолди» - buxgalter.uz да ўқингАутсорсер билан ўзаро муносабатларда муаммолар бўлмасин - buxgalter.uz да ўқингМеҳнат дафтарчаси йўқ – стаж ҳам бўлмайдими? - buxgalter.uz да ўқинг

Фуқаровий қурол ва хизмат қуроли сертификатланади

03.08.2020

Рус тилида ўқиш

Вазирлар Маҳкамаси 28.07.2020 йилдаги “Фуқаровий қурол ва хизмат қуроли соҳасидаги айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида” 455-сон қарорни қабул қилди.

 

Ҳужжат "Қурол тўғрисида"ги Қонунга мувофиқ қабул қилинди.

 

Қарор билан:

  • Фуқаровий қурол ва хизмат қуролини ҳамда уларнинг ўқ-дориларини, шунингдек, тузилиши жиҳатдан қуролга ўхшаш бўлган буюмларни сертификатлаш тартиби тўғрисидаги низом (1);
  • Фуқаровий қурол ва хизмат қуроли ҳамда уларнинг ўқ-дорилари давлат кадастрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низом (2) тасдиқланди.

 

"Ўзстандарт" агентлигига манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштириш топширилди.

 

Низомга (1) асосан қурол ва ўқ-дориларини сертификатлаш Маҳсулотларни сертификатлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ (6.07.2004 йилдаги 318-сон ВМҚ билан тасдиқланган), шунингдек, мазкур Низом талаблари асосида амалга оширилади.

 

Қурол ва ўқ-дориларни сертификатлаш талабгорнинг сертификатлаштириш органига Низомга иловага мувофиқ схема бўйича тақдим этилган аризасига асосан амалга оширилади. Сертификатланадиган қурол ва ўқ-дориларнинг ҳар бири муайян турдаги қурол ва ўқ-дориларга тааллуқли техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ тамғага эга бўлиши керак.

 

Сертификатлашда қурол ва ўқ-дориларнинг хусусиятлари текширилади ҳамда қурол ва ўқ-дориларни идентификация қилиш имконини берувчи синов усуллари қўлланилади.

 

Бунда:

  • қурол русумлари (қурол русумининг модификацияси), ўқ-дори тури (ўқ-дори турининг модификацияси);
  • Ўзбекистонда қурол ва ўқ-дориларни кўплаб ишлаб чиқариш;
  • қурол ва ўқ-дориларнинг тўпи (партияси);
  • қуролнинг ягона намунаси сертификатланади.

 

Низомда қурол ва ўқ-дориларни сертификатлаш чоғида ариза берувчи томонидан тақдим этиладиган қўшимча маълумотлар келтирилган.

 

Сертификатлаш бунга ваколатга эга бўлган органлар томонидан амалга оширилади. Сертификатлаш ишлари шартномага асосан тўлов амалга оширилгандан сўнг бажарилади. Сертификатлаш ишлари билан боғлиқ бўлган барча харажатлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда уларнинг натижаларидан қатъи назар, талабгор томонидан қопланади.

 

Шунингдек, Низомда қурол ва ўқ-дориларни текшириш ва синовини ўтказишни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича бошқа талаблар, мувофиқлик сертификатини бериш тартиби ҳам ёзилган.

 

Низом (2) фуқаровий қурол ва хизмат қуроли ҳамда уларнинг ўқ-дорилари давлат кадастрини (кейинги ўринларда - Қурол кадастри) шакллантириш ва юритиш тартибини белгилайди.

 

Қурол кадастрининг объекти - сертификатлашнинг ижобий натижаларига эга бўлган фуқаровий қурол ва хизмат қуроли ҳамда уларнинг ўқ-дорилари ҳисобланади.

 

Қурол кадастрига тиғли совуқ қурол ва улоқтириш қуроли тўғрисидаги, ягона нусхалари Ўзбекистонга олиб кириладиган ёки мамлакатдан олиб чиқиладиган қурол ҳақидаги маълумотлар киритилмайди.

 

Қурол ва унинг ўқ-дорилари тўғрисидаги маълумотлар кадастрга киритилганлиги учун талабгордан тўлов ундирилмайди.

 

Қурол кадастри “Ўзстандарт” агентлиги томонидан электрон тарзда ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ шаклда ҳамда 2-иловага мувофиқ схема бўйича юритилади.

 

Қурол кадастри қуйидаги бўлимларни ўз ичига олади:

  • хизмат қуроли ва унинг ўқ-дорилари;
  • фуқаровий қурол ва унинг ўқ-дорилари;
  • Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган қурол ва ўқ-дорилар;
  • Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилган қурол ва ўқ-дорилар;
  • технологик мақсадларда (синовлар, текширувлар ёки қурол ишлаб чиқариш жараёнида) ишлатиш учун ўқ-дорилар.

 

Низомда қурол кадастрига киритиладиган қурол ва ўқ-дорилар  тўғрисидаги маълумотлар келтирилган.  Бу маълумотлар ҳар чорак якунлари бўйича кейинги ойнинг биринчи 10 кунлигида тақдим этилади.

 

Қурол кадастри Давлат кадастрлари ягона тизими таркибига киради ва ҳар чоракда бир марта Давлат кадастрлари ягона тизимига кадастр маълумотлари тақдим этилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 29.07.2020 йилдан кучга кирди.

 

Баҳодир Қаюмов.