Вазирлар Маҳкамасининг 22.09.2023 йилдаги «Давлат органлари устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишнинг замонавий шакллари жорий этилиши муносабати билан Вазирлар Маҳкамасининг «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 18 июндаги 380-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги 489-сон қарор қабул қилинди.
Ҳар бир маҳаллада «маҳалла назорати» гуруҳлари ташкил этилади. Уларнинг мақсади – қуйидагилар устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишдан иборат:
- норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва дастурлар қабул қилинаётганда жамоатчилик фикрини инобатга олинганлиги;
- давлат идоралари томонидан фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ, эркинлик ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда амалдаги қонунчиликка риоя этилиши;
- давлат органлари, ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахслари томонидан давлат хизматларини кўрсатиш, ижтимоий шериклик доирасида битимлар, шартномалар ва дастурларни амалга оширишдаги фаолияти;
- ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоллари ва профилактика инспектори фаолияти.
Маҳалла назорати гуруҳи унинг раҳбари (маҳалла раиси), ўринбосари, котиб ва гуруҳ аъзоларидан иборат.
Гуруҳга намунали ҳулққа, катта ҳаётий тажрибага эга (давлат органлари ва ташкилотлари мансабдор шахсларидан ташқари) фуқаролар, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотлари, ОАВ ва бошқа фуқаролик жамияти институтлари вакиллари қабул қилинади.
Гуруҳ ташкил этилаётганда гендер тенглиги тамойилига риоя этилиши лозим. Шунингдек, унинг таркибига ногиронлиги бўлган шахслар киритилади.
Гуруҳ аъзолари фуқаролар йиғини томонидан 5 йилга сайланади.Маҳалла раисларига давлат органлари ва идораларига, уларнинг мансабдор шахсларига сўров юборган ҳолда уларнинг фаолиятларига оид масалалар бўйича тушунтириш ва ўз муносабатини билдиришни талаб этиш ҳуқуқи берилмоқда. Шу билан бирга, сўров фуқаролар йиғини фаолиятига оид бўлиши лозим.
Сўровга жавоб муддати – 15 кун.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 23.09.2023 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев.