Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Онлайн-НКМ ва виртуал касса солиқ органларида қандай тарзда рўйхатдан чиқариладиНима учун январь ойи ҳисоботида айланмадан олинадиган солиқ ставкаси нотўғри қўлланиладиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинмиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинми

Ҳарбий кафедрага талабаларни саралаш қандай ўтказилади

23.03.2018

 

Мудофаа вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг қарори (17.03.2018 йилда 2984-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларида резервдаги ва захирадаги офицерларни тайёрлаш дастурлари бўйича ўқитиш учун талабаларни саралаш танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.  

 

Маълумот учун: мазкур Низом «Чақириққача ҳарбий таълим» йўналиши бўйича мутахассислар тайёрлайдиган ҳарбий таълим факультетларига нисбатан татбиқ этилмайди. Улар учун Кўрсатилган йўналиш бўйича олий таълим муассасаларига қабул қилиш чоғида профессионал (ижодий) имтиҳон ўтказиш тартиби тўғрисида алоҳида низом амал қилади.

 

Ҳарбий тайёргарлик ўқув бўлинмаларига (бундан кейин – ҲТЎБ) талабалар танлов асосида олий таълим муассасасида иккинчи курс охирида танлаб олинади. Танловнинг асосий мақсади суҳбатлашиш ва тушунтириш ишларини олиб бориш орқали талабаларнинг ҳарбий кафедрада ўқиш салоҳияти ва кейинчалик ҳарбий мутахассислик бўйича хизмат қилиши мумкинлигини белгилайдиган чақириққача бошланғич тайёргарлик дастури асосида жисмоний ривожланиши ҳамда билим даражасини баҳолашдан иборат.

 

Мудофаа вазири тегишли ўринбосарининг буйруғи билан Танловни ташкил қилиш ва ўтказиш учун қабул комиссияси тузилади ҳамда қуйидаги таркибда унинг аъзолари тасдиқланади:

  • комиссия раиси – Мудофаа вазирлиги марказий аппарати масъул ходими;
  • комиссия котиби – ҲТЎБ бошлиғи;
  • комиссия аъзолари:

Мудофаа вазирлиги марказий аппарати масъул ходимлари;

тегишли олий таълим муассасаларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича проректорлари;

ҲТЎБ ўқитувчилари.

 

Комиссия январь ойидан сентябрь ойига қадар фаолият юритади. Бунда комиссия ҳузурида мудофаа вазири тегишли ўринбосарининг буйруғи билан қуйидаги кичик комиссиялар тузилади:

  • шахсий-руҳий ўрганиш бўйича;
  • умумжисмоний тайёргарлик кўрганликни баҳолаш бўйича;
  • чақириққача бошланғич тайёргарлик дастури бўйича билим даражасини баҳолаш бўйича.

 

Танлов ўтказилишидан олдин январь-февраль ойларида талабалар билан тушунтириш ишлари ўтказилади, бунда уларга муддатлар, талаб этиладиган ҳужжатлар ва танловнинг асосий мезонлари маълум қилинади.

 

Танлов ўтказиш жараёнларининг шаффофлиги ва холислигини таъминлаш мақсадида барча жараёнлар узлуксиз равишда видеоёзувга туширилади. Февраль-март ойларида белгиланган талабларга мувофиқ тиббий кўрик ўтказилади. Саломатлигига кўра ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилган талабалар танловнинг кейинги босқичларига қўйилмайди. Шахсий-руҳий ўрганиш Мудофаа вазирлигининг руҳшунос мутахассислари томонидан тегишли тестлар ўтказиш орқали ўтказилади, унинг натижалари бўйича номзодлар танловнинг кейинги босқичларидан ўтишга тавсия этилади ёки тавсия этилмайди. Билим даражасини баҳолашда талабанинг олий таълим муассасасида 3 семестр давомида олдинги ўқиш даврида тўплаган умумий баллар йиғиндиси эътиборга олинади.

 

Талабаларнинг умумжисмоний тайёргарлигини баҳолаш комиссия раиси томонидан тасдиқланган режа-жадвал асосида Мудофаа вазирлиги томонидан белгиланадиган жойларда тегишли кичик комиссиянинг махсус методикасига мувофиқ апрель-май ойларида ўтказилади. Умумжисмоний тайёргарлик даражаси талабларига жавоб бермаган талабалар танловнинг кейинги босқичига қўйилмайди.

 

Чақириққача бошланғич тайёргарлик дастури бўйича билим даражасини баҳолаш тест ўтказиш усули ёрдамида тегишли кичик комиссия томонидан махсус методикага мувофиқ ўтказилади. Талабанинг танлов натижалари унинг олий таълим муассасасида олдинги таълим олиш жараёнида тўплаган балларини ва тест синовларида тўплаган балларини қўшиш орқали аниқланади. ҲТЎБга қабул қилиш рейтинг кўрсаткичлари асосида амалга оширилади. Энг юқори рейтинг кўрсаткичларига эга бўлган талабалар ажратилган квота доирасида ҲТЎБга ўқишга қабул қилинадилар.  

 

Танлов натижалари бўйича тегишли баённома 2 нусхада расмийлаштирилади (бири Мудофаа вазирлигига, бошқаси олий таълим муассасаси ХТЎБга юборилади). Танлов натижалари охирги тест синовлари ўтказилган куннинг эртасига эълон қилинади. Баённомага асосан август ойининг учинчи ўн кунлигида ҲТЎБдаги ўқишга қабул қилиш тўғрисида ректорнинг буйруғи чиқарилади. Танлов натижаларидан норози бўлган талабалар олий таълим муассасасида мудофаа вазири тегишли ўринбосарининг буйруғи билан тузиладиган апелляция комиссиясига натижалар эълон қилинган вақтдан бошлаб 24 соат давомида мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 17.03.2018 йилдан кучга кирди.

 

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

 

Анвар Иркахўжаев.

 

kadrovik.uz

Валюталар курси

2024-05-06
  • USD:12675.00 (+0.00) сум
  • EUR:13616.75 (+0.00) сум
  • RUB:138.36 (+0.00) сум