Вазирлар Маҳкамасининг 25.10.2025 йилдаги "Транспорт воситаларини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 676-сон қарори қабул қилинди.
"А1" кичик тоифаси билан мопед ва скутерни, шунингдек, конструктив тезлиги 25 км/соатдан ошмайдиган, иш ҳажми 25 куб/см гача ёки номинал қуввати 0,25 кВт бўлган ички ёнув двигателига эга бўлган кичик механик транспортни бошқариш мумкин. Бу кичик туркумга кириш учун имтиҳон топширишда ўқиш шарт эмас.
"A1" кичик тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга талабгорлар ҳайдовчиларни тайёрлашнинг мажбурий дастуридан ўтмасдан назарий ва амалий имтиҳонларни топширишга ҳақли.
2026 йил 1 февралдан "А" ва "В" тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга талабгорлар ҳам ҳайдовчиларни мажбурий тайёрлаш дастурининг назарий қисмини мустақил равишда ўрганишлари мумкин бўлади.
"A", "В", "С", "D" тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган шахслар "A1" кичик тоифадаги транспорт воситаларини бошқариши мумкин.
2026 йил 1 апрелдан бошлаб фото ва видео қайд этиш тизимлари томонидан қайд этилган йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун жарима баллари ҳисобланади.
Агар баллар сони 12 баллдан ошса, транспорт воситаси жарима майдончасига юборилади.
Йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчига эмас, балки транспорт воситаси эгасига балл қўйилишининг олдини олиш учун тегишли ахборот тизимларига автотранспорт воситасини ҳайдовчига – ундан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар асосида белгиланган тартибда фойдаланувчи жисмоний ёки юридик шахсга бериш тўғрисидаги маълумотлар киритилади. Бу маълумотлар транспорт воситаси топширилаётган ҳайдовчи томонидан тасдиқланиши керак.
Ички ишлар вазирлиги ва Рақамли технологиялар вазирлигига йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчиларга жарима баллари ҳисоблаш бўйича "E-jarimaball" модулини ишлаб чиқиш ва жорий этиш топширилди. Ҳисобланган жарима баллари тўғрисидаги ахборотни ушбу модуль орқали ёки ЯИДХП орқали олиш мумкин бўлади.
Вазирлар Маҳкамасининг "Йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида" 2025 йил 6 майдаги 296-сон қарорига иловага ўзгартиришлар киритилди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 27.10.2025 йилдан кучга кирди.




