Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Тошкент халқаро молия маркази қандай шартлар асосида ташкил этилади ва унга қандай имтиёзлар бериладиСолиқ ҳисоботини қайта топшириш даъво муддатини ўзгартирадимиДемонтаж ва қайта ишлашга харажат қилмаслик учун ташқи рекламани жойлаштиришда нималарни ҳисобга олиш керак

Хотин-қизлар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик учун жазо кучайтирилмоқда

04.03.2026

Рус тилида ўқиш

Президент Фармони билан хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар белгиланди.

 

Асосий мақсадлар:

• никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқий никоҳ муносабатларига киришиш ҳолатларининг олдини олиш (эрта никоҳлар), ота-оналарнинг вояга етмаган фарзандлари учун масъулиятини янада ошириш;

• молиявий мустақилликка эришган ва оила қуришга ҳар томонлама тайёр бўлган ёшлар ўртасида никоҳ тузишни рағбатлантириш;

• хотин-қизлар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш тизимини такомиллаштириш орқали уларни кескин камайтириш, шунингдек, бундай ҳолатларга дуч келган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини жорий этиш;

• оила ва хотин-қизлар марказлари ҳузуридаги "Оилавий зўравонликсиз бахтли оилавий ҳаётга тайёрлаш" махсус курсларида никоҳланувчиларни бепул ўқитиш қамров даражасини 2026 йилда 50 фоизга, 2027 йилда 60 фоизга ва 2030 йилда 100 фоизга етказиш ҳамда ушбу курсларнинг сифати ва самарадорлигини тубдан ошириш. 

 

2027 йилдан бошлаб ҳар иккала томон ҳам 21 ёшга тўлганда биринчи марта никоҳдан ўтган ёш оилаларга қўшимча имтиёзлар ва бошқа қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилади.

 

Мазкур оилалар Ижтимоий реестрга киритилганда оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятини ривожлантириш, даромадларини кўпайтириш ёки оғир турмуш шароитидан чиқиш учун бериладиган молиявий ёрдам (субсидиялар, ссудалар, грантлар) белгиланган миқдорларга нисбатан 1,5 бараварга оширилган миқдорда берилади.

 

Бундан ташқари, никоҳ шартномасини тузган никоҳланувчи шахсларга нисбатан никоҳни қайд этганлик учун давлат божини тўлашдан озод қилиш тартиби қўлланилади.

 

Вояга етмаганлар билан никоҳ тузишга даъват этганлик (тушунтирганлик), шунингдек бундай никоҳларни тарғиб қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.

 

2026 йил 1 сентябрдан бошлаб никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни ёки никоҳ тузиш тартибини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун ундирилган жарима суммасининг 15 фоизи бундай фактлар ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантиришга йўналтирилади.

 

Идоралараро ҳамкорлик

 

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва ФҲДЁ органлари, таълим ва тиббиёт муассасалари, шунингдек диний ташкилотлар вакилларига 16 ёшгача бўлган эрта никоҳ ва ҳомиладорлик ҳолатлари тўғрисида ички ишлар органлари ва "Инсон" ижтимоий хизматлар марказларини хабардор қилиш мажбурияти юклатилади.

 

Бунда 16 ёшгача бўлган эрта никоҳ ва ҳомиладорлик ҳолатлари ҳақида хабар бермаслик уларни маъмурий жавобгарликка тортиш учун асос сифатида белгиланмоқда.

 

2026 йил якунига қадар Ички ишлар вазирлигининг жиноятлар ва ҳодисаларни ҳисобга олиш электрон тизимида 16 ёшгача бўлган эрта никоҳ ва ҳомиладорлик ҳолатлари тўғрисида хабардор қилиш имконини берувчи "O‘smir-signal " модулини ишлаб чиқиш режалаштирилган.

 

Тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларига қарши кураш

 

2026 йил 1 апрелдан бошлаб ҳимоя ордери олган жабрланган хотин-қизларнинг алоқа воситалари (телефон, планшет ва бошқа қурилмалари)га уларнинг розилиги билан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари ҳақида зудлик билан хабар бериш имконини берувчи Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг "my.ihma.uz" мобил иловаси ("SOS" чақируви) ўрнатилади.

 

2026 йил 1 ноябрдан бошлаб қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш орқали қуйидаги тартиблар жорий этилади:

прокуратура органлари томонидан ЖК 118-моддаси (номусга тегиш), 119-моддаси (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш), 121-моддаси (шахсни жинсий алоқа қилишга мажбурлаш), 128-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш), 1281-моддаси (моддий қимматликлар бериш ёхуд мулкий ёки бошқача тарзда манфаатдор этиш орқали 16 ёшдан 18 ёшгача бўлган шахс билан жинсий алоқа қилиш), 129-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) да назарда тутилган жиноятлар бўйича терговга қадар текширув ва дастлабки терговни амалга ошириш;

прокурор томонидан қилмишда жиноят аломатлари мавжуд эмаслиги тўғрисида қарор қабул қилинганидан кейин вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган номусга тегиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш материалларини судга юбориш.

 

Шу билан бирга, жиноят-ижроия қонунчилиги вояга етмаганларга нисбатан жиноят содир этганлиги учун ҳукм қилинган шахсларни манзил-колонияларга ўтказилмайдиган маҳкумлар тоифасига киритиш орқали такомиллаштирилмоқда (ЖК 118 ва 119-м.). Шунингдек, ушбу маҳкумларни психологик тузатиш дастуридан ўтказмасдан туриб, уларни сақлаш шароитларини яхшилашга йўл қўймаслик кўзда тутилган.

 

2027 йил 1 январдан бошлаб аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятларни тергов қилиш ва кўриб чиқиш, қоида тариқасида, махсус тайёргарликдан ўтган терговчилар ва судьялар томонидан амалга оширилади.

 

Ҳужжат ЎзАда эълон қилинган ва 04.03.2026 йилдан кучга кирди.

 

Лола Абдуазимова

 


Валюталар курси

2026-04-03
  • USD:12149.84 (+0.00) сум
  • EUR:14003.91 (+0.00) сум
  • RUB:151.10 (+0.00) сум