Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Онлайн-НКМ ва виртуал касса солиқ органларида қандай тарзда рўйхатдан чиқариладиНима учун январь ойи ҳисоботида айланмадан олинадиган солиқ ставкаси нотўғри қўлланиладиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинмиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинми

Хусусий курсларнинг ҳайдовчиларни тайёрлаши, қайта тайёрлаши ва малакасини оширишига рухсат берилади

28.02.2018

Вазирлар Маҳкамасининг 23.02.2018 йилдаги «Автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 139-сон қарори эълон қилинди.

 

Ким малака оширишдан ўтиши шарт

 

Белгиланишича, у фуқароларнинг 2 тоифаси (рўйхат кенгайтирилган) учун мажбурийдир:

 

  • юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқараётган шахслар – 2 йилда 1 марта. Юридик шахсларнинг автотранспортини қисқа муддатли ижара (прокат) ва лизинг асосида бошқараётган якка тартибдаги тадбиркорлар ва бошқа жисмоний шахслардан ташқари;

 

  • автотранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахслар – маъмурий жазо муддати ниҳоясига етгач ва ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ҳамда амалий имтиҳонлар топширгунигача.

 

Бу – муҳим! Илгари юридик жиҳатдан маълум қилинган мажбурий малака оширишни жорий этиш санаси 1.01.2018 йилдан ВМнинг 23.02.2018 йилдаги 139-сон қарори эълон қилинган санага, яъни 2 ой кейинга кўчирилди. Ҳозир малака ошириш мажбурий ҳисобланади.

 

Масалан, 26.02.2018 йилдан бошлаб ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этилган, сертификатсиз шахслар ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ҳамда амалий имтиҳонларни топширишга қўйилмайди.

 

Юридик шахсларнинг ҳайдовчилари эса қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда малака оширганлик тўғрисидаги сертификатга эга бўлишлари ва уни ИИО ходимларига тақдим этишлари шарт (Йўл ҳаракати қоидаларининг 17-бандига қаранг). Ушбу норма ўз кучини сақлаб қолди («Avtotest Report» МЧЖ томонидан фақат сертификат берилиши бекор қилинди).

 

Бироқ сертификат йўқлиги учун жарима ҳали жорий этилмади. ВМнинг 4.09.2017 йилдаги 693-сон қарорига мувофиқ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга (135-модда) тегишли тузатишлар 2018 йил 1 июлдан бошлаб кучга кириши учун Адлия вазирлигига уларнинг ишлаб чиқилишини таъминлаш топширилди. Бунинг устига, ушбу санадан бошлаб сертификатнинг йўқлиги ташиш учун лицензия/лицензия карточкаларидан маҳрум этишга олиб келиши мумкин. Бироқ қонунларга киритиладиган қўшимчалар ҳақида сўз бораётгани сабабли якуний қарорни Олий Мажлис ва Президент чиқаради.  

 

Бундан шундай хулосага келиш мумкинки, 26.02.2018 йилдан 1.07.2018 йилгача малака оширганлик тўғрисидаги сертификат йўқлиги учун жарима солмайдилар (агар қонунни илгарироқ қабул қилмасалар, албатта).

 

1 июлдан бошлаб кимлар жаримага тортилади

 

Малака ошириш даврийлиги амалиётда низоларга олиб келиши мумкин. Сертификат бланкасида «берилган сана» ва «амал қилиш муддати» устунлари назарда тутилган, яъни унинг амал қилиш муддати қайд этилади. ДЙҲХХ инспекторлари сертификатга қараб, «2 йилда 1 марта» даврийлигига амал қилинган-қилинмаганлигини осон билиб оладилар. 

 

Бироқ юридик шахсларнинг сертификат олиб улгурмаган ҳар бир ҳайдовчиси уни 1.07.2018 йилгача олиши мажбурий ёки мажбурий эмаслиги аниқ эмас. Гап шундаки, 2 йиллик давр қуйидаги пайтлардан бошлаб ҳисобланиши мумкин:

  • ҳайдовчилик гувоҳномаси олинган пайтдан бошлаб;
  • 26.02.2018 йилдан, яъни малака ошириш мажбурияти жорий этилган кундан бошлаб.

 

Йўл ҳаракати қоидаларининг 7-бандида вазиятга ойдинлик киритилмаган. Сертификат «қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда» мавжуд бўлиши керак. Бироқ қонун ҳужжатларида аниқ пайт мавжуд эмас.

 

Бир нечта вазиятни мисол қилиб келтирамиз:

 

1. Фуқаро 27.10.2007 йилда ҳайдовчилик гувоҳномасини олди. Ҳайдовчилик стажи 10 йилдан ортиқ. 1.07.2018 йилда ҳужжатларни текшириш чоғида ДЙҲХХ инспектори сертификатни талаб қилади. Ҳайдовчи эса малака ошириш мажбурияти жорий этилган пайтдан бошлаб ҳали 2 йил ўтмаганини ва у малака оширишга мажбур эмаслигини айтиб, ўзини оқламоқчи бўлади.

 

2. Ҳайдовчи 1.07.2017 йилда ҳайдовчилик гувоҳномасини олди. 1.07.2018 йилда ҳужжатларни текшириш чоғида ДЙҲХХ инспектори сертификатни талаб қилади. Фуқаро ҳайдовчилик стажи атиги 1 йилни ташкил этиши ва у малака оширишга мажбур эмаслигини айтади.

 

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга аниқлик киритиш зарурлиги кўриниб турибди. Зеро юридик шахсларнинг ҳайдовчиларида малака ошириш учун захирада қанча вақт: атиги 4 ой ёки 2 йил қолганлиги ҳақида сўз бормоқда.

 

1 июлга ҳозирлик кўрамиз

 

Қонун чиқарувчи малака ошириш даврийлиги қайси пайтдан бошланиши масаласини қай йўсинда ҳал этиши ҳозирча аниқ эмас. Умуман, аниқлик киритиш-киритмасликларига ҳам кафолат йўқ. Шу сабабли, 1 июлга келиб юридик шахсларнинг барча ҳайдовчиларидан сертификат талаб қила бошласалар, қаерга бориб ўқиш керак деган савол юзага келади.

 

Бу – муҳим! 1 июндан бошлаб Вазирлар Маҳкамасининг Нодавлат таълим муассасалари фаолиятини лицензиялаш комиссияси автотранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга лицензияларни нодавлат таълим муассасаларининг кенг доирасига бериш жараёнини йўлга қўяди.

 

Улар учун махсус лицензия талаблари белгиланади:

  • ўқув жараёнига дарслар ўзлаштирилишини оширишга йўналтирилган ўқитиш мониторингини олиб бориш ва режалаштиришнинг автоматлаштирилган ахборот тизимини жорий этиш;
  • бутун ўқув жараёнини қамраб оладиган анимация эффектлари ва видеоконтентга эга электрон ўқув-услубий қўлланмаларнинг мавжуд бўлиши, ҳар бир таълим олувчини (тингловчини) ушбу ўқув қўлланмалари билан таъминлаш;
  • малака ошириш курсларида билимлар ўзлаштирилишини аниқлаш учун анимация эффектларига эга ягона тест дастурининг мавжуд бўлиши;
  • ҳар бир ўқитувчини ўқув дастурлари, турли педагогика технологияларидан фойдаланиш йўриқномаларини ўз ичига олган батафсил технологик карталар билан таъминлаш;
  • ҳар бири камида 40 кв. метр майдонга эга бўлган ва битта ҳудудда жойлашган 2 ёки ундан кўп аудиторияларнинг мавжуд бўлиши;
  • ҳар бир аудиторияда видеопроекторлар, компьютерлар, аудио- ва видеокузатув тизимлари, Йўл ҳаракати қоидалари бўйича кўргазмали қўлланмалар, шунингдек ўқув жараёни ва якуний тест синовининг ошкоралигини таъминлаш учун жараённи ёзиб олиш тизимининг мавжуд бўлиши;
  • таълим олувчилар билимларини якуний тест синовидан ўтказиш учун компьютерлар билан жиҳозланган алоҳида аудиториянинг мавжуд бўлиши.

 

Бу – муҳим! 1 июнгача юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқарувчи шахсларнинг (ҳайдовчиларнинг) малакасини ошириш фаолиятини амалга оширишга доир мутлақ ҳуқуқ «Avtotest Report» МЧЖ ва устав фондидаги улушларнинг (акцияларнинг) камида 51%и  «Avtotest Report» МЧЖга тегишли ташкилотларда қолади. Ушбу санадан бошлаб автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ҳам фақат давлат таълим муассасалари, шунингдек Мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти, «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик компанияси, «Transkasb» уюшмаси ва Ўзбекистон Республикаси Автомотоҳаваскорлар кўнгилли жамияти, «Avtotest Report» МЧЖ ва устав фондида улушларнинг (акцияларнинг) камида 51 фоизи «Avtotest Report» МЧЖга тегишли бўлган ташкилотлар томонидан амалга оширилади (ВМнинг 31.12.2010 йилдаги 325-сон қарорига қаранг).

 

Малака ошириш учун ким ҳақ тўлайди

 

Юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқарувчи шахсларнинг малака ошириши учун ҳақни иш берувчи тўлайди. Қолган фуқаролар (бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахслар – таҳр.) ўз ҳисобларидан малака оширадилар.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 26.02.2018 йилдан кучга кирди. 

 

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

 

Самир Латипов. 


 

Валюталар курси

2024-04-19
  • USD:12697.00 (+0.00) сум
  • EUR:13547.70 (+0.00) сум
  • RUB:135.05 (+0.00) сум

Янги сонларда ўқинг

2024, 16 апрель№ 16
2024, 16 апрель№ 16