Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Онлайн-НКМ ва виртуал касса солиқ органларида қандай тарзда рўйхатдан чиқариладиНима учун январь ойи ҳисоботида айланмадан олинадиган солиқ ставкаси нотўғри қўлланиладиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинмиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинми

ИИВ академик лицейлари: диктант, жисмоний тайёргарлик ва суҳбатдан ўтказиш

11.04.2018

 

Ички ишлар вазирининг буйруғи (6.04.2018 йилда 2996-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академик лицейларига ўқувчиларни қабул қилишда ёзма иш (диктант), номзодларнинг жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш ҳамда якка тартибдаги якуний суҳбат ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.  

 

Кўрсатилган синовлар дастлабки танловдан кейин ўтказилади ва махсус профессионал танловнинг босқичлари ҳисобланади. Уларнинг натижаларига кўра номзодларни ИИВ академик лицейларига кириш учун тест синовларини топширишга қўйиш тавсия этилади.

 

Махсус профессионал танлов қабул қилининг 1 июнидан 25 июнига қадар ўтказилади.

 

Диктант қандай ўтказилади

 

Диктант номзоднинг орфографик ва пунктуацион саводхонлик даражасини аниқлаш учун Ички ишлар вазирлиги тасдиқлаган қабул комиссияси томонидан академик лицей биносида ўтказилади. Комиссия раиси томонидан тасдиқланган диктант мавзулари ва матнлари комиссия котибида сақланади ва ошкор қилинмаслиги лозим. Диктант ўтказиш тартиби тушунтирилаётганда номзодга рақамланган дафтар берилади.

 

Диктант матнининг ҳажми 100–120 та сўздан иборат бўлади. Матн бир маротаба тушунарли ва тўлиқ ўқиб эшиттирилади, шундан кейин диктант ёзиш бошланади. Комиссия аъзоси ҳар бир гапни секин бирма-бир ўқиб беради. Номзодлар гапни ёзиб бўлганидан кейин у яна бир маротаба ўқиб берилади. Мутахассислар диктантни шу куннинг ўзида тасдиқланган мезонлардан келиб чиқиб 5 баллик тизимда баҳолайдилар. Баҳолар шу куннинг ўзида эълонлар тахтасига жойлаштирилади.

 

Жисмоний тайёргарлик даражаси қандай аниқланади

 

Умумжисмоний ҳолатни баҳолаш тасдиқланган машқлар комплекслари бажарилишини текшириш орқали амалга оширилади. Номзодлар спорт кийимида бўлишлари шарт. Умумжисмоний тайёргарлик машқлари ва тегишли талаблар ўғил болалар ва қиз болалар учун алоҳида белгиланади (қуйидаги жадвалга қаранг).

 

Ўғил болалар учун

Қиз болалар учун

турникда тортилиш

куч ишлатиш машқларини бажариш

100 метрга югуриш

100 метрга югуриш

2000 метрга югуриш

1000 метрга югуриш

 

Машқларни бажариш оралиғида дам олиш учун камида 10 дақиқа вақт берилади. Умумжисмоний тайёргарлик даражаси комиссия аъзолари томонидан шу вақтнинг ўзида тасдиқланган мезонлардан келиб чиқиб 5 баллик тизимда баҳоланади. Баҳолар шу куннинг ўзида эълонлар тахтасига жойлаштириш орқали эътиборга етказилади.

 

Суҳбат қандай ўтказилади

 

Якка тартибдаги якуний суҳбат оғзаки шаклда ўтказилади. Номзод комиссия аъзолари берган саволларга жавоб беради. Саволлар умумий ўрта таълим фанларининг ўқув дастурларига мувофиқ ишлаб чиқилади. Суҳбат коллегиаллик принципи асосида ўтказилади. Ҳар бир номзодга учта йўналиш (фан) бўйича биттадан савол берилади. Саволлар навбат билан бирма-бир берилади. Ҳар бир номзодга жавоб бериш учун жами 10 дақиқа вақт берилади. Комиссиянинг ҳар бир аъзоси тасдиқланган мезонлардан келиб чиққан ҳолда 5 баллик тизим бўйича ўз баҳосини қўяди, кейин эса баҳонинг ўртача арифметик бали чиқарилади.   

 

Махсус профессионал танлов ўтказиладиган хоналарга жадвал, луғат, уяли телефон, китоб, компьютер, бошқа телекоммуникация воситалари ва шпаргалкалар олиб кириш тақиқланади. 

 

Махсус профессионал танлов якунларига кўра номзод 9 баллдан кам балл тўпласа, у танловдан ўтмаган ҳисобланади ва тест синовларига қўйилмайди. Махсус профессионал танлов якунлари қабул комиссияси баённомаси билан расмийлаштирилади.  

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 7.04.2018 йилдан кучга кирди. 

 

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

 

Анвар Иркахўжаев.

 

Валюталар курси

2024-04-18
  • USD:12694.96 (+0.00) сум
  • EUR:13508.71 (+0.00) сум
  • RUB:134.66 (+0.00) сум

Янги сонларда ўқинг

2024, 16 апрель№ 16
2024, 16 апрель№ 16