Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Онлайн-НКМ ва виртуал касса солиқ органларида қандай тарзда рўйхатдан чиқариладиНима учун январь ойи ҳисоботида айланмадан олинадиган солиқ ставкаси нотўғри қўлланиладиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинмиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинми

ИИВ Академиясига номзодларни танлаш методикалари тасдиқланди

09.04.2018

 

Ички ишлар вазирининг буйруғи (29.03.2018 йилда 2987-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясининг кундузги таълим шаклига номзодлар танловини ўтказиш бўйича методикалар тасдиқланди.

 

Ҳужжат билан қуйидаги услублар белгиланган:

  • номзодларни психофизиологик ўрганиш;
  • ёзма иш ўтказиш;
  • номзодларнинг умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш;
  • номзодларнинг чет тилларини ўзлаштирганлигини;
  • уларни якка тартибдаги якуний суҳбатдан ўтказиш.

 

I. Номзодларни психофизиологик ўрганиш методикаси

 

Номзодларни психофизиологик ўрганиш номзодларнинг психофизиологик хислатлари ва индивидуал хусусиятларини аниқлаш мақсадида махсус комплекслар ёрдамида амалга оширилади. Бунда асосий тамойил –инсон омилидан холи бўлиш ва субъективликдан сақланиш ҳисобланади.

 

У номзоднинг ҳиссий, психоэмоционал ҳолати яхши бўлгандагина ўтказилади, ўрганиш ўтказиладиган кунда унга тартиб ва қоидалар тушунтирилади. Номзод ўзини ёмон ҳис қилаётган бўлса, ўрганишга қўйилмайди ва қабул комиссиясининг қарорига кўра кейинги гуруҳлар таркибида ўрганишдан ўтишига рухсат берилади.

 

Номзодлар махсус жиҳозланган хонага ўзининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатини кўрсатган ҳолда бир нафардан киритилади. Номзоднинг қўлларига махсус комплекснинг электродлари уланади ва узлуксиз кузатув остида улар орқали 10 дақиқагача бўлган вақт давомида кичик қувватли электр импульслар узатилади. Комплекс автоматик равишда натижаларни аниқлайди ва номзодга 5 баллик тизимда баҳо беради. Кўрсатилган натижа 6 коэффициентга кўпайтирилиб, 30 баллик тизимда номзоднинг баҳоси чиқарилади.

 

II. Ёзма иш ўтказиш методикаси

 

Ёзма иш номзоднинг саводхонлик даражасини ҳамда ижодий фикрлаш қобилиятини баҳолаш мақсадида баён ёки иншо ёзиш орқали ўтказилади. Ёзма иш умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими фанларининг ўқув дастурлари асосида ўтказилади. Номзодларга ёзма иш ўтказиш тартиби тушунтирилиб, рақамланган дафтарлар тарқатилади.

 

Баён шаклида ёзма иш ўтказилганда 250-300 та сўздан иборат бўлган матн фақат 1 маротаба тушунарли ва тўлиқ ўқиб эшиттирилади, кейин номзодларга баён ёзиш учун 2 академик соат (80 дақиқа) вақт берилади. Баён мутахассислар томонидан тасдиқланган мезонлардан келиб чиққан ҳолда 30 баллик тизимда баҳоланади.

 

Иншо шаклида ёзма иш ўтказилганда мавзу 1 маротаба тушунарли ва тўлиқ ўқиб эшиттирилади ҳамда номзодларга иншо ёзиш учун 3 академик соат (120 дақиқа) вақт берилади. Номзод ёзма ишида фикрларини мантиқан изчил ва тушунарли баён этиш, ижодий ҳамда мустақил фикрлаш қобилиятини намоён қилиши лозим. Иншо ҳам мутахассислар томонидан тасдиқланган мезонлардан келиб чиққан ҳолда 30 баллик тизимда баҳоланади.

 

III. Умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш методикаси

 

Умумжисмоний ҳолатларини баҳолаш тасдиқланган машқлар комплексларини бажаришларини текшириш орқали амалга оширилади. Номзодлар спорт кийимида бўлишлари шарт. Умумжисмоний тайёргарлик машқлари ва тегишли талаблар йигитлар ва қизлар учун алоҳида белгиланади (қуйидаги жадвалга қаранг).

 

Йигитлар учун

Қизлар учун

турникда тортилиш

куч ишлатиш машқларини бажариш

100 метрга югуриш

100 метрга югуриш

3000 метрга югуриш

1000 метрга югуриш

 

Машқларни бажариш оралиғида дам олиш учун камида 10 дақиқа вақт берилади. Тасдиқланган мезонларга мувофиқ ҳар бир машқ тури 10 балл доирасида баҳоланади. Барча машқлар учун кўпи билан 30 балл қўйилади.

 

IV. Чет тилларини ўзлаштирганликни баҳолаш методикаси

 

Инглиз, немис ва француз тилларини ўзлаштирган номзодлар учун тест синовлари ўтказилади. Бошқа чет тилини (испан, араб, форс, дари, ҳинд, урду, хитой, корейс, уйғур ва бошқа тиллар) ўзлаштирган номзодлар назарий имтиҳон синовларидан ўтади. 

 

Тест синовлари компьютер техникалари билан жиҳозланган махсус хонада ўтказилади. Номзодга 30 та тест саволларини ечиш учун 1 соат (60 дақиқа) вақт берилади. Ҳар бир саволда 4 тадан жавоб варианти берилади, номзодлар фақат битта тўғри жавобни белгилаши лозим. Ҳар бир тўғри жавоб автоматик равишда 1 балл билан баҳоланади.

 

Назарий имтиҳон синовларида қуйидаги топшириқлар берилади:

  • 1 бетдан иборат матнни ўқиб бериш;
  • 1 бетдан иборат матнни таржима қилиб бериш;
  • ўқиган матнининг мазмунини гапириб бериш;
  • мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг мазмуни юзасидан комиссия аъзоларининг 2 та саволига жавоб бериш.

 

Имтиҳон бўйича тасдиқланган мезонлардан келиб чиққан ҳолда кўпи билан 30 балл берилади.

 

V. Якка тартибдаги якуний суҳбат ўтказиш методикаси

 

Якка тартибдаги якуний суҳбат оғзаки шаклда номзод томонидан танлаб олинган билетлардаги саволларга жавоб бериш орқали амалга оширилади. Билетда 4 та фан: ҳуқуқшунослик, Ўзбекистон ва жаҳон тарихи, адабиёт, маънавият асослари ва миллий истиқлол ғояси фанлари бўйича саволлар акс эттирилади. Номзодга танлаган билет саволларига тайёрланиши учун 20 дақиқа вақт берилади.

 

Саволларга жавоблар қуйидагича баҳоланади:

  • ҳуқуқшунослик – 80 балл;
  • Ўзбекистон ва жаҳон тарихи – 40 балл;
  • адабиёт – 40 балл;
  • маънавият асослари ва миллий истиқлол ғояси – 20 балл.

 

Жами бўлиб кўпи билан 180 балл қўйилади.

 

Тест синовлари ўтказилаётган хонага жадвал, китоб, уяли телефон, компьютер, телекоммуникация воситалари ва шпаргалкалар олиб кириш тақиқланади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 29.03.2018 йилдан кучга кирди. 

 

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

 

Анвар Иркахўжаев.

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_

Валюталар курси

2024-05-03
  • USD:12670.05 (+0.00) сум
  • EUR:13560.75 (+0.00) сум
  • RUB:138.00 (+0.00) сум