Вазирлар Маҳкамасининг 27.05.2025 йилдаги 332-сон қарори билан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага беришни янги тизим доирасида ташкил этишнинг қўшимча чора-тадбирлари белгиланди.
Президентнинг 03.02.2025 йилдаги «Қишлоқ хўжалиги экин майдонлари унумдорлигини ошириш, тармоққа инвестициялар жалб қилиш учун қулай шарт-шароит яратиш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-18-сон Фармонига мувофиқ қуйидагилар ташкил этилди:
- Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги қишлоқ хўжалигида ер ислоҳотларини амалга ошириш лойиҳа офиси;
- давлат корхоналари — Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, Андижон, Жиззах, Наманган, Тошкент ва Фарғона вилоятлари ҳокимликлари ҳузуридаги ижарага берилган қишлоқ хўжалиги ерларига хизмат кўрсатиш дирекциялари.
Лойиҳа офиси дирекциялар фаолиятини мувофиқлаштиради. Дирекциялар ижарачиларнинг ер участкасини ижарага бериш шартномасида белгиланган ҳуқуқлардан амалда фойдаланишини кафолатлайди, хусусан, сув етказиб бериш лимитларига риоя қилинмаслиги оқибатида етказилган зарарни дарҳол қоплаб беради ва кейинчалик регресс тартибда ундириб олади.
Ҳужжат билан дирекцияларнинг вазифалари белгиланди:
- қишлоқ хўжалиги мақсадларига мўлжалланган ижарага берилган ерлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш;
- сув етказиб бериш лимитларига риоя қилинмаслиги натижасида ер ижарачиларига етказилган зарарни дарҳол қоплаб бериш;
- қишлоқ хўжалиги мақсадларига мўлжалланган ижарага берилган ерларнинг суғориш тизимларини яхшилаш, электр энергияси таъминоти объектларини қуриш ва реконструкция қилиш, ички хўжалик йўлларини яхшилаш ишларига маблағ ажратиш, шунингдек ушбу ишлар бўйича буюртмачи функцияларини бажариш ва бошқалар.
Дирекция фаолиятини молиялаштириш манбалари:
- электрон интернет-аукционларда қишлоқ хўжалиги мақсадларига мўлжалланган ер участкаларига ижара ҳуқуқларини сотишдан тушган даромаднинг 25 фоизи (оператор харажатлари чегириб ташланган ҳолда);
- сув етказиб бериш лимитларига риоя қилинмаслиги натижасида ер участкалари ижарачиларига етказилган зарарни қоплаш учун регресс тартибда ундириладиган маблағлар;
- ҳисобварақда вақтинча бўш пул маблағларини депозитга жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;
- юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан норезидентларнинг ҳомийлик хайриялари;
- халқаро молия ташкилотлари ва хорижий давлат молия ташкилотларининг грантлари ва техник ёрдам маблағлари;
- қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа маблағлар.
Ҳужжат билан ижарага берилган қишлоқ хўжалиги ерларига хизмат кўрсатиш дирекциясининг намунавий тузилмаси тасдиқланди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 28.05.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова