07.05.2026 йилдаги ЎРҚ-1144-сон Қонун билан қуйидагиларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди (2026 йил 8 августдан амалга киритилади):
1) “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги Қонун
Эндиликда товар белгисига доир гувоҳноманинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда манфаатдор шахснинг аризасига биноан суд қарори асосида муддатидан олдин тугатилиши мумкин:
– ҳуқуқ эгаси бўлган юридик шахс тугатилганда;
– ҳуқуқ эгаси бўлган жисмоний шахс вафот этиб, унинг васиятнома ёки қонун бўйича меросхўрлари мавжуд бўлмаганда.
2) Фуқаролик кодекси
Эндиликда товар белгисидан фойдаланиш учун лицензия берилиши ундан фойдаланиш деб ҳисобланмайди. Демак, расмиятчиликнинг ўзи етарли эмас, товар белгисидан амалиётда фойдаланиш керак.
Эслатиб ўтамиз, товар белгисидан охирги 3 йил давомида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида узрли сабабсиз узлуксиз фойдаланилмаган тақдирда, унинг рўйхатдан ўтказилганлиги исталган манфаатдор шахснинг талаби бўйича суднинг қарорига асосан бекор қилиниши мумкин.
3) “Давлат божи тўғрисида”ги Қонун
Ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари, селекция ютуқлари, ЭҲМ учун яратилган дастурлар ва маълумотлар базаларини ҳуқуқий муҳофаза қилганлик учун, Адлия вазирлигининг Aпелляция кенгаши томонидан апелляциялар ва аризаларни кўриб чиққанлик учун давлат божи миқдорлари юридик шахслар учун кескин камайтирилди.
Бошқа қонунларга ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 07.05.2026 йилдан кучга кирди.
Сардор Жумашов



