Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
II чоракда жами даромад 1 млрд сўмдан ошган бўлса, ҳисобот қандай топширилади - buxgalter.uz да ўқингII чорак учун айланмадан олинадиган солиқ бўйича ҳисоботда нимага эътиборни қаратиш лозим- buxgalter.uz да ўқинг Чет эллик мутахассиснинг фойдаланилмаган таътилини компенсация қилиш керакми - buxgalter.uz да ўқингҲисоботлар қайта топширилганда: 45-сон хато нимани англатади - buxgalter.uz да ўқингРаҳбарларнинг машиналари нега солиқчиларни қизиқтириб қолди - buxgalter.uz да ўқингДСБ ҳисоботларни қайта топшириш ва ЭҲФ масалалари бўйича нима жавоб беради- buxgalter.uz да ўқингФойда солиғи ҳисоб-китобида узоқ муддатли контрактларни ҳисобга оламиз - buxgalter.uz да ўқингИмпорт қилинган товарни реализация қилиш чоғида зиддиятли ҚҚС - buxgalter.uz да ўқинг

Коронавирусни юқтирганликда гумон қилинганлар карантинда қандай сақланади

29.04.2020

Рус тилида ўқиш

 

Ҳукумат коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга доир қўшимча ташкилий чора-тадбирларни тасдиқлади (25.04.2020 йилдаги 254-сон ВМҚга қаранг)

 

Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида коронавирус инфекциясини юқтирганликда гумон қилинган шахсларни вақтинчалик карантинда сақлашга мослаштирилган мажмуа барпо этилди. Ушбу мажмуани бошқариш учун Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузурида ДУК шаклида махсус Карантин маркази ташкил этилди. У ҳокимликнинг юридик шахс мақомига эга бўлган таркибий бўлинмаси ҳисобланади. Марказга соғлиқни сақлаш вазири билан келишилган ҳолда пойтахт ҳокими томонидан лавозимга тайинланадиган директор бошчилик қилади. Марказнинг тузилмаси ҳужжатга иловада келтирилган.

 

Карантин марказида меҳнат ва хизмат фаолиятини олиб боришга мутахассислар, ходимлар ва ҳарбий хизматчилар асосий иш (хизмат) жойидан ажралган ва ойлик иш ҳақи (пул таъминоти) сақланган ҳолда жалб қилинади. Уларни тегишли вазирлик ва идоралар томонидан қўшимча моддий рағбатлантириш ҳам назарда тутилган.

 

Карантин марказининг асосий вазифалари:

  • коронавирусни юқтирганликда гумон қилинган шахсларни қабул қилиш, сақлаш ва карантин мажмуасидан чиқаришни ташкил этиш;     
  • карантин мажмуасини самарали бошқариш, унда инқекция тарқалишининг олдини олиш бўйича зарур чоралар кўриш, карантинга олинган шахслар, ходимлар ва ҳарбий хизматчиларни тиббий назоратдан ўтказиш ва б.

 

Ҳужжат билан коронавирусни юқтирганликда гумон қилинган шахсларни карантин мажмуасида сақлаш ва уй шароитида карантинга олиш вақтинчалик тартиби ҳам тасдиқланган.

 

Карантин мажмуасига жойлаштириш ва сақлаш

 

Карантин мажмуасига чегара-божхона постларидан ўтаётган, шунингдек коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар билан яқин мулоқотда бўлган шахслар жойлаштирилади. Улар 14 кун давомида ёки карантинга олинган шахснинг соғлиғи ҳолатига кўра соғлиқни сақлаш органлари томонидан белгилаб берилган муддат давомида карантинда сақланади.

 

Карантинга жойлаштирилган шахсларга тегишли бўлган мобил телефон, аудио- ва видеовоситалар, кредит карталари ҳамда бошқа ахборот ташувчи буюмлар мажмуанинг кириш жойида ички ишлар органлари ходимлари томонидан вақтинча олиб қўйилади. Олиб қўйилган буюмлар рўйхати икки нусхада тузилади.

 

Мажмуанинг ҳар бир хонасига 4 тадан кўп бўлмаган шахслар жойлаштирилади. Эркаклар ва аёллар, шунингдек юқумли ва паразитар касалликларга чалинган беморлар алоҳида жойлаштирилади (битта хонага бир оиланинг аъзоларини жойлаштириш ҳоллари бундан мустасно). Ҳар бир хонага карантинга олинган шахсларни жойлаштириш бир вақтнинг ўзида амалга оширилади. Хонада 4 тадан кам киши қолса, қолганларнинг карантинда бўлиш муддати тугагунига қадар бошқа шахсларни жойлаштириш тақиқланади. 

 

Карантинга олинган шахслар шахсий гигиена воситалари, шу жумладан антисептик воситалар, тиббий ниқоб, совун билан таъминланади. Ҳар бир хона тасдиқланган энг кам меъёрларга (ҳужжатга иловада кўрсатилган) мувофиқ мебель, жиҳоз ва буюмлар билан жиҳозланади. Хонада, улардан ташқари, кондиционер, телевизор, совуткич бўлиши шарт.   

 

Карантинга олинган шахслар ташқаридан ҳар қандай кўринишдаги почта жўнатмалари, посилка ва бандеролларни қабул қилиши тақиқланади, қуйидагилар бундан мустасно:

  • сурункали касалликларга чалинган шахслар учун дори-дармон воситалари;
  • даволовчи шифокор тавсиясига кўра махсус парҳез маҳсулотлари;
  • болаларга мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотлари ва зарур гигиена воситалари;
  • қўшимча гигиена воситалари, кийим-кечаклар ва адабиётлар.

 

Жўнатмаларни марказнинг махсус ходими қабул қилиб олади ва дезинфекция қилгач, карантинга олинган шахсларга етказади.

 

Уй шароитида карантинга олиш

 

Коронавирус инфекцияси билан касалланганлар билан мулоқотда бўлган (шунингдек улар билан бир уйда яшовчи барча) шахслар 14 кун давомида ёки уларнинг соғлиғи ҳолатига кўра соғлиқни сақлаш органлари томонидан белгилаб берилган муддат давомида уй шароитида карантинга олинади. Улар ички ишлар ва Миллий гвардия органлари ходимларидан иборат таркибда тузилган махсус наряд томонидан кечаю кундуз қатъий назорат остида бўлади.

 

Уйларни тарк этиш қатъиян ман этилади, карантинга олинган шахслар кечиктириб бўлмайдиган тез тиббий ёрдам олишга (ҳомиладорлик, туғруқ, тана жароҳати, ОИВ/ОИТС, онкологик ёрдам, нурланиш терапияси, гемодиализ ёрдамини кўрсатиш ва б.) муҳтож бўлган ҳоллар бундан мустасно.  

 

Уй шароитида карантинга олинганларни яшаш жойидаги поликлиника тиббиёт ходимлари ҳар куни икки маҳал кўрикдан ўтказадилар. Биринчи кўрик соат 9.00 гача, иккинчиси – соат 16.00 гача. Уй шароитида карантинга олинган шахс билан бир уйда бўлган бошқа шахслар орасида коронавирус аниқланган тақдирда, қолган шахслар учун карантин муддати қайтадан бошланади.   

 

Карантин муддатида коронавирус аниқланмаса, соғлиқни сақлаш органлари уй карантинидан чиқариш бўйича қарор қабул қилади. Яшаш жойидаги поликлиника уй шароитида карантинга олинган шахсларга меҳнатга лаёқатсизлик варақасини беради. 

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 25.04.2020 йилдан кучга кирган.

 

Ленара Хикматова.