Марказий банк бошқарувининг қарори (16.03.2026 й. АВ рўйхат рақами 3790-сон) билан Кўчмас мулк ва транспорт воситаларининг олди-сотди шартномалари бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун нотариуслар ва банклар ўртасида электрон маълумотлар алмашиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ҳужжат Президентнинг 10.12.2025 йилдаги «Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-246-сон Фармонига мувофиқ қабул қилинган. Мақсад – сотувчи ва харидор ўртасидаги ҳисоб-китобларни жорий этиш, шунингдек, битимларни расмийлаштиришда ахборот хавфсизлиги ва маълумотларнинг ишончлилигини таъминлаш.
2026 йил 1 апрелдан кўчмас мулк объектлари, ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган M, N, O ва G тоифага кирувчи транспорт воситалари ҳамда махсус автотранспорт воситаларининг олди-сотди шартномаларини тасдиқлашда томонлар ўртасидаги ҳисоб-китоблар амалга оширилганлиги факти нотариуслар ва банклар ўртасида электрон маълумотлар алмашиш орқали тасдиқланади.
Эндиликда нотариуслар кўчмас мулк ва транспорт воситаларининг олди-сотди шартномаларини банкларнинг тарафлар ўртасида амалга оширилган ҳисоб-китоблар тўғрисидаги электрон маълумотлари асосида тасдиқлайди.
Бунда харидор ёки унинг вакили банкка ёзма ёки электрон ариза билан мурожаат қилади. Банк тарафлар келишиб олган пул маблағларини шартнома бўйича нақд ёки нақдсиз шаклда эскроу ҳисобварағига кирим қилади.
Агар шартнома тўлиқ ёки қисман кредит маблағлари ҳисобидан молиялаштирилса, кредит берувчи банк нотариусга электрон хабарнома юборади. Шартномада тўловни кечиктириш назарда тутилган тақдирда, тарафлар ўртасида келишилган (бошланғич) сумма эскроу ҳисобварағига кирим қилинади.
Харидор ёки унинг вакилининг банкдаги (банк картаси, талаб қилиб олингунча, электрон ҳамён) ҳисобварақларидан эскроу ҳисобварағи сифатида фойдаланилиши мумкин.
Тарафлар олди-сотди шартномасини расмийлаштириш учун нотариусга мурожаат қилади, нотариус эскроу ҳисобварағида маблағлар мавжудлигини электрон тарзда текширади ва шартномани тасдиқлайди.
Пул маблағлари сотувчининг ёки унинг вакилининг ҳисобварағига ўтказилади ёхуд уларнинг сўровига кўра нақд пул шаклида берилади.
Банк, нотариус ва унинг ходимлари ҳамда амалга оширилаётган нотариал ҳаракатлар тўғрисида хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан хабардор бўлиб қолган шахслар ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган маълумотларнинг махфий сақланишини таъминлаши шарт.
Ушбу Низом уй-жой қурилишига инвестиция киритиш шартномалари асосида тузилган олди-сотди шартномаларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 01.04.2026 йилдан кучга киради.
Лола Абдуазимова




