Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Курс фарқларини қандай ҳисобга олиш ва солиққа тортиш мумкин: Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва Солиқ қўмитасининг жавоби Болани парваришлаш таътили даврида нафақа қандай тўланади МЧЖ устав фондини жамият мулки ҳисобига ошириш тартиби МЧЖ устав фондини жамият мулки ҳисобига ошириш тартиби

Маҳалла йили – 2026 йилга мўлжалланган ислоҳотларнинг устувор йўналишлари белгиланди

19.02.2026

Рус тилида ўқиш

Президентнинг 16.02.2026 йилдаги "Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш" йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва "Ўзбекистон 2030" стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида"ги ПФ-22-сон Фармони қабул қилинди.

 

Маҳаллаларда ислоҳотларни амалга оширишнинг асосий йўналишлари:

• маҳаллаларда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш бўйича 10 мингдан ортиқ лойиҳаларни ишга тушириш орқали қўшимча 100 мингта янги иш ўрни яратиш;

• камбағаллик ва ишсизликдан холи маҳаллалар сонини 3,5 мингтага етказиш;

• маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини бериш учун 20 трлн сўм йўналтириш;

• барча давлат органларига маҳаллалардаги муаммоларни зудлик билан ва тезкор ҳал этиш масъулиятини юклаш, ижрони 24/7 режимида онлайн назорат қилиш амалиётини жорий этиш.

 

Иқтисодий ислоҳотлар

 

2030 йилгача ялпи ички маҳсулот ҳажмини 240 миллиард доллардан ошириш учун зарур шароитлар яратиш, соҳа ва тармоқларни технологик ўсиш моделига ўтказиш орқали унинг ҳажмини жорий йилда 167 млрд АҚШ долларига етказиш кўзда тутилган.

 

Шу билан бирга, иқтисодий ўсишни 6,6 фоизга етказиш, инфляция даражасини 6-6,5 фоизга пасайтириш, ялпи ички маҳсулотга нисбатан бюджет тақчиллигини 3 фоиз даражасида сақлаб қолиш вазифалари қўйилмоқда.

 

Шунингдек, 1 млн фуқарони доимий иш билан таъминлаш ва 263 минг оилани камбағалликдан чиқариш орқали камбағаллик даражасини 2,8 фоизга, ишсизлик даражасини 4,5 фоизга тушириш режалаштирилган.

 

Касбларни ривожлантириш бўйича ислоҳотлар

 

Ушбу йўналишда қуйидаги вазифалар қўйилмоқда:

  • 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб 7 та ҳудуддаги илғор касб-ҳунар техникумларида "Касблар шаҳарчаси"ни ташкил этиш ва уларда мактаб ўқувчиларини замонавий касбларга йўналтириш;
  • 2026/2027 ўқув йилидан техникумларда стипендия тўлаш амалиётини жорий этиш;
  • ҳудудларда 24 та малакани баҳолаш марказларини ташкил этиш ва меҳнат бозорида тан олинадиган сертификатлар беришни йўлга қўйиш;
  • Германия, Швейцария, Буюк Британия, Хитой, Корея Республикасининг илғор таълим дастурлари жорий этилган техникумлар сонини 100 тага етказиш.

 

Экологик мувозанат ва сувдан оқилона фойдаланиш

 

Жорий йилда илғор технологияларни жорий этиш орқали 7 млрд куб метр табиий газни иқтисод қилиш ва атмосферага 11 миллион тонна зарарли моддалар чиқишининг олдини олиш зарур.

 

Ҳар бир ҳудудда дуал таълим тизими асосида 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб 14 тадан "яшил" техникумлар ташкил этилади.

 

Шунингдек, фойдаланиш муддати ўтган автомобилларни утилизация қилиш ва аҳолига электромобиль сотиб олишни рағбатлантириш учун 16 фоизгача кредитлар ажратиш ташкил этилади.

 

Давлат бошқаруви ва суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш

 

Бу борада Олий Мажлис палаталарининг ташқи қарзни бошқариш соҳасидаги ваколатлари, шунингдек, экологик муаммолар оқибатларини юмшатиш доирасида аҳоли учун маҳаллаларда яшил боғлар, яшил жамоат паркларини ташкил этиш бўйича депутатларнинг ваколатлари кенгайтирилади.

 

Ўта оғир жиноятларни судда жамоатчилик вакилларидан иборат ҳакамлар ҳайъати иштирокида кўриш амалиёти жорий этилади, жиноят процессида мажбурлов чораларини қўллаш устидан суд назорати кучайтирилади, тергов судьяларининг ваколатлари кенгайтирилади.

 

2026 йилда коррупция, гиёҳвандлик, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик каби жамият олдида турган долзарб муаммоларга қарши курашишнинг самарали тизимини жорий этиш режалаштирилган.

 

Ҳужжат билан қуйидагилар бўйича устувор ислоҳотлар дастурлари тасдиқланди:

• маҳаллалар инфратузилмасини такомиллаштириш ва уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини бериш;

• иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш, шунингдек, ички бозорда талабни рағбатлантириш;

• касбларни ривожлантириш ва меҳнат бозорининг янги архитектурасини яратиш;

• экологик мувозанатни таъминлаш ва сувдан оқилона фойдаланишни ташкил этиш;

• давлат бошқаруви ва суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, жамиятда ҳамжиҳатликни таъминлаш орқали уларни ривожлантириш ва бошқалар.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 17.02.2026 йилдан кучга кирди.

 

Лола Абдуазимова