Президентнинг 18.08.2025 йилдаги ПҚ-253-сон қарори билан Президентнинг айрим қарорларига маҳаллаларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш тизими натижадорлигини янада оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Асосий вазифалари:
- охирги беш йил давомида криминоген вазияти мураккаб бўлган"қизил" тоифага киритилган маҳаллаларда жорий йил якунига қадар алоҳида ташкилий-профилактик тадбирларни ўтказиш орқали хавфсиз муҳитни яратиш;
- кўрсатилган маҳаллаларни сунъий интеллектда ишловчи махсус дастурий таъминотга интеграция қилинган замонавий кузатув камералари билан тўлиқ қамраб олиш;
- жорий йил якунига қадар жисмоний шахслар мол-мулкини техник қўриқлаш қамровини 30 фоизга, юридик шахслар мол-мулкини қўриқлаш қамровини эса 60 фоизга етказиш;
- криминоген вазияти мураккаб маҳаллаларда манзилли тадбирларнинг натижадорлигини таъминлашда маҳаллий ҳокимликлар, давлат органлари ва ташкилотлар, таълим ва илмий муассасалар раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш.
Ҳужжат билан Президентнинг айрим қарорларига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди:
- охирги беш йил давомида криминоген вазияти мураккаб бўлган "қизил" тоифага киритилган маҳаллаларда жиноятларнинг олдини олиш бўйича манзилли ишлаш концепцияни тасдиқлаш;
- "намунали хавфсиз кўча" ва "намунали хавфсиз уй" лойиҳаларига қўйиладиган намунавий талабларни тасдиқлаш;
- юқори малакали кадрлар захирасини шакллантириш мақсадида ИИВ Академиясида масофавий таълим шаклини жорий этиш ҳамда бакалавриат дастури бўйича қабул квоталарини босқичма-босқич ошириш.
Хусусан, Президентнинг 3.01.2025 йилдаги "2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-1-сон қарорида барча туман (шаҳар) ҳокимларига ҳамда тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарларига муайян маҳаллалар бириктирилиши белгиланган.
Президентнинг 15.04.2021 йилдаги "Ички ишлар органлари учун профессионал кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-5076-сон қарори қуйидагилар билан тўлдирилди:
"Бир миллион дастурчи" лойиҳаси доирасида дастурни муваффақиятли тамомлаган ва битирувчи сертификатини олган, Академиянинг "Рақамли технологиялар соҳасида жиноятчиликка қарши курашиш фаолияти" таълим йўналишига ўқишга кираётган номзодларга математика, информатика ва ахборот технологиялари фанлари бўйича тўплаш мумкин бўлган энг юқори баллнинг 30 фоизи миқдорида қўшимча балл берилади. Энг юқори балл тўплаган 5 нафар номзод ушбу йўналишнинг иккинчи босқичига тўғридан-тўғри қабул қилинади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 20.08.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова