Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Онлайн-НКМ ва виртуал касса солиқ органларида қандай тарзда рўйхатдан чиқариладиНима учун январь ойи ҳисоботида айланмадан олинадиган солиқ ставкаси нотўғри қўлланиладиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинмиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинми

ОАВ ва журналистлар учун – янги кафолатлар ва мажбуриятлар

13.02.2018


Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида» ва «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунларга киритиладиган ўзгартиришлар ва қўшимчалар муҳокамаси якунланди.  

 

Рўйхатдан ўтказилмаса – ОАВ эмас

 

Аниқлик киритилишича, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган оммавий ахборотни даврий тарқатиш шакллари (яъни оммавий ахборотни тарқатиш воситалари – таҳр.) ОАВ сифатида тан олинмайди. Демак, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида» ва «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунларда назарда тутилган кафолатлар уларга нисбатан татбиқ этилмайди.

 

Маълумот учун. МЖТКнинг 218-моддасига мувофиқ, ОАВ маҳсулотларини белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказмасдан ёки уларни чиқаришни ёхуд нашр этишни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин қонунга хилоф равишда тайёрлаш ва тарқатиш босма ёки бошқа маҳсулотларни мусодара қилиб, ЭКИҲнинг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

Муҳаррир ҳам – журналист

 

«Журналист» тушунчасига тузатишлар киритилмоқда.

 

Биринчидан, нафақат ОАВ билан билан меҳнат муносабатларида бўлган (яъни меҳнат шартномаси ва меҳнат дафтарчасидаги ёзув назарда тутилмоқда), балки фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома асосида у билан ҳамкорлик қилувчи шахс (эркин мухбир) ҳам журналист деб тан олинади.

 

Иккинчидан, журналистлар бажарадиган функциялар кенгайтирилди. Илгари ахборотни тўплайдиган, таҳлил қиладиган ва тарқатадиган шахслар журналист деб ҳисобланарди. Энди ОАВ учун хабарлар ва материалларни таҳрир қиладиган, тарқатадиган ва тайёрлайдиган ходимлар ҳам журналистлар қаторига қўшилмоқда.

 

Тегишинча, таҳририятларнинг бош муҳаррирлари ва ходимларига журналистларнинг мажбуриятлари («Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддаси), шу жумладан жорий этилаётган касбий этика қоидаларига риоя этиш мажбурияти (улар ҳақида қуйида сўз юритилган) ҳам татбиқ этилади.

 

ОАВ сўровига жавоб – 7 кунда

 

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органининг оммавий ахборот воситаси сўровига жавоб бериши учун бир ҳафталик муддат жорий этилмоқда.

 

Эътибор беринг, журналистларнинг ўзи учун эмас, балки ОАВ учун жавоб беришнинг қисқа муддатлари назарда тутилган. Ўз номидан мурожаат қилганда сўровга жавоб «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонун билан белгиланган тартибда тақдим этилади. Яъни 15 кун ичида, қўшимча ўрганиш талаб этилганда эса – 1 ой ичида.  

 

Газеталарнинг электрон версиялари ва газета сайти

 

Лойиҳада даврий босма нашрнинг электрон версиясига таъриф берилган. Булар – ахборот ташувчиларга ёзилган, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштирилган, электрон техник қурилмалар ёрдамида фойдаланишга мўлжалланган электрон шаклдаги ҳужжатлар, таҳририй-ноширлик ишлови берилган, ўзгармас тарзда тарқатишга мўлжалланган, чиқаришга доир маълумотларга эга газеталар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар ва бошқалар.  

 

Шу тариқа, электрон версия офлайн ва онлайн бўлиши мумкин. ОАВнинг босма ва электрон версияси мос келиши кераклиги ҳақида алоҳида изоҳ бериб ўтилган. Эслатиб ўтамиз, агар электрон версия мазмуни бўйича ҳажмдорроқ бўлса, у мустақил ОАВ сифатида рўйхатдан ўтказилган бўлиши керак.

 

Веб-сайт тўғрисида барча маълумотлар – бош саҳифада

 

Киритилаётган қоидага кўра, Интернетдаги веб-сайт тарзидаги ОАВ мазкур веб-сайтнинг бош саҳифасида қуйидаги маълумотларни бериши керак:

  • даврий нашрнинг номи;
  • давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома санаси ва рақами;
  • муассиснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми);
  • бош муҳаррирнинг фамилияси, исми, отасининг исми;
  • таҳририят индекси, жойлашган жойи (почта ва электрон манзили).

 

Исталган ташкилот журналистларни аккредитациядан ўтказишга ҳақли

 

Илгари фақат давлат органлари ва жамоат бирлашмаларида аккредитация назарда тутилар эди. Энди исталган ташкилот бундай таомилни белгилашга ҳақли.

 

Аккредитацияланмаган журналистдан фарқли равишда, ушбу таомилдан ўтган қуйидаги имкониятлардан фойдаланиши мумкин:

  • бўлажак очиқ коллегиал мажлислар ва бошқа оммавий тадбирлар тўғрисида олдиндан ахборот олиш;
  • аккредитацияловчи орган томонидан белгиланган тартибда аккредитацияловчи органнинг бинолари (хоналари) ва бошқа объектларига қатнаш;
  • очиқ коллегиал мажлислар ва бошқа оммавий тадбирларда иштирок этиш;
  • аккредитацияловчи органнинг масъул шахсларидан зарур ҳужжатлар ва материалларни сўраш ва олиш, оммавий тадбирлар ёзувлари билан танишиш ва улардан нусха кўчириш;
  • оммавий ахборот воситалари материалларини тайёрлашда олинган ёзувлардан фойдаланиш.

 

Бунда аккредитацияловчи ташкилот ўтказиладиган тадбирлар тўғрисида журналистни олдиндан хабардор қилиши ҳамда унга зарур ҳужжатлар ва материалларни тақдим этиши шарт бўлмай қолади. Яъни ташаббус журналистдан чиқиши лозим.

 

ISSN – ҳар бир даврий нашрнинг чиқаришга доир маълумотларида

 

Серияли нашрнинг халқаро стандарт тартиб рақами (ISSN) даврий нашрларни чиқаришга доир маълумотларнинг мажбурий рўйхатига киради. Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 4.04.2012 йилдаги 98-сон қарорига мувофиқ ушбу рақам А. Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси томонидан берилади.

 

Журналист бўлишга ҳамма ҳам лойиқ эмас 

 

Журналистларнинг бутун ҳамжамияти учун касбий этика қоидалари амал қилади. Улар қуйидагиларни белгиловчи қоидалар мажмуасидан иборат:

а) журналистнинг шахсиятига қўйиладиган;

б) касбий мажбуриятларни бажараётганда хулқига қўйиладиган талаблар.

 

Журналистларнинг касбий этика қоидалари ОАВнинг ўзи ёки уларнинг бирлашмалари томонидан белгиланади. Айни пайтда этика қоидаларига риоя этмаганлик учун аниқ жавобгарлик чоралари қайд этилмаган.

 

Ҳужжат қонун ҳужжати ишлаб чиқиш жараёнининг келгуси босқичларидан ўтмоқда.

 

 

Самир Латипов.


 

Валюталар курси

2024-04-19
  • USD:12697.00 (+0.00) сум
  • EUR:13547.70 (+0.00) сум
  • RUB:135.05 (+0.00) сум

Янги сонларда ўқинг

2024, 16 апрель№ 16
2024, 16 апрель№ 16