Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
buxgalter.uz да янги:Ўзини ўзи банд қилганлар иши тўғрисида 15 та муҳим саволНима учун ЯТТнинг ёлланма ишчиларини рўйхатдан ўтказишни йўлга қўйиш лозимЯнги ҚҚС тўловчиларини солиқ органларида рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом шарҳи

Паррандачиликни ривожлантириш учун субсидиялар ажратилади

16.06.2021

Рус тилида ўқиш

Президент томонидан 14 июнь куни “Паррандачиликни ривожлантириш ва тармоқ озуқа базасини мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор имзоланди. Ҳужжат ЎзАда эълон қилинган.

 

2021 йил 1 июндан бошлаб ҚҚС тўловчиси бўлган паррандачилик хўжаликларига – ўз хўжаликларида етиштирилиб, реализация қилинган тухумнинг ҳар бир донаси учун 50 сўм ҳамда парранда гўштининг ҳар бир килограмми учун 1 000 сўм миқдорида республика бюджетидан субсидия ажратилади.

 

Тижорат банклари томонидан 2025 йил 1 январга қадар қуйидагилар учун ажратилаётган кредит бўйича Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан:

  • омихта ем ва паррандачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи кичик тадбиркорлик субъектларига айланма маблағларни тўлдириш учун тижорат банки томонидан ажратиладиган 10 млрд сўмгача бўлган кредит фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошган, бироқ 8 фоиз пунктидан ортиқ бўлмаган қисми;
  • паррандачилик лойиҳаларини амалга ошириш учун тижорат банки томонидан ажратиладиган 10 млрд сўмгача бўлган кредит фоиз ставкасининг МБ асосий ставкасидан ошган, бироқ 8 фоиз пунктидан ортиқ бўлмаган қисми қоплаб берилади.

 

Кушхона ва музлаткичларни ўз ичига олган паррандаларни сўйишга мўлжалланган замонавий комплексни ишга туширган тадбиркорлик субъектига лойиҳа қиймати 40 млрд сўмдан ошмайдиган қисмининг 10%и миқдорида Молия вазирлиги томонидан Давлат бюджети ҳисобидан субсидия берилади. Ҳудудларда ташкил этиладиган санитария ва экология талабларига, шу жумладан, ISO 22000 HACCP стандартига жавоб берадиган дастлабки 14 та замонавий комплексга улар ишга туширилгандан сўнг берилади.

 

2021 йил 1 июлдан бошлаб 2024 йил 1 июлга қадар асосий фаолият тури паррандачилик бўлган тадбиркорлик субъектлари учун уларнинг асосий фаолият тури бўйича:

  • фойда солиғи;
  • мол-мулк солиғи;
  • ер солиғи;
  • сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 50% миқдорида қўлланилади.

 

Тижорат банкларида жойлаштирилган маблағлардан олинган фоизлар истисно ҳисобланади.

 

2022 йил 1 июлга қадар тухум, парранда гўшти ва маҳсулотларини экспорт қилувчи ҳамда соя донини импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари (уларнинг ваколатли вакиллари)га автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортида ташиш харажатларини 50%игача миқдорда компенсация қилишга субсидиялар тақдим этилади.

 

Шунингдек, “Паррандасаноат” уюшмасига аъзо корхоналар томонидан хорижий мамлакатлардан паррандачилик соҳаси эксперт ва мутахассисларини жалб қилиш харажатлари ҳамда уларнинг 6 ойлик иш ҳақи миқдорининг 50%и, бироқ ойига $1 000  эквивалентидан ошмаган қисми қоплаб берилади. Кўрсатилган харажатлар учун Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси ҳисобидан 5 млрд сўм йўналтирилади.

 

Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг маблағлари ҳисобидан паррандачилик лойиҳаларини молиялаштириш учун $85 млн миқдоридаги маблағ “Микрокредитбанк” АТБга йўналтирилади. Бунда:

  • I босқичда – $50 млн миқдоридаги маблағлар 2021 йил 1 июлга қадар, шундан $15 млн “Микрокредитбанк” АТБнинг устав капиталини ошириш учун;
  • II босқичда – $35 млн миқдоридаги маблағлар, I босқич маблағларининг ишлатилиши самарадорлигини баҳолаш натижалари бўйича Чорвачилик ва унинг тармоқларини ривожлантириш Республика кенгашининг қарорига асосан йўналтирилади.

 

Мазкур маблағларнинг $70 млн  эквивалентидаги қисми тадбиркорлик субъектларига МБ асосий ставкасида кредитлар бериш учун “Микрокредитбанк” АТБга 7 йил муддатга 3 йиллик имтиёзли давр билан Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоиз пунктдан паст фоиз ставкада ажратилади.

 

“Микрокредитбанк” АТБга йўналтириладиган мақсадли маблағлар қуйидагиларни молиялаштириш учун ажратилади:

  • озуқа-ем маҳсулотларини (буғдой, маккажўхори, соя дони ва шроти, кунгабоқар шроти) энг арзон бўлган йиғим-терим даврларида захира қилиш;
  • паррандачилик хўжаликлари ва озуқа-ем маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарда мавжуд қувватларни тўлиқ ишга тушириш учун 24 ойгача бўлган муддатга айланма маблағ ажратиш ва модернизация қилиш.

 

“Микрокредитбанк” АТБга йўналтириладиган мақсадли маблағлар ҳисобига бошқа тижорат банклари орқали тадбиркорлик субъектларига ажратиладиган кредитлар ҳам молиялаштирилиши мумкин.

 

Қуйидагилар тасдиқланди:

  • парранда маҳсулотлари етиштиришнинг прогноз кўрсаткичлари;
  • Паррандачиликни ривожлантириш ва паррандачилик йўналишидаги тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича “Йўл харитаси”.

 

Эльмира Сиразиева.