Президентнинг 28.09.2026 йилдаги ПҚ-355-сонли «Давлат пенсия таъминотига оид замонавий хизматларни жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжат 2027 йил 1 январга қадар пенсия хизматларини интерактив ва проактив шаклларга тўлиқ ўтказишни назарда тутади. Асосий вазифа – рақамли технологияларни кенг қўллаш орқали бюрократик тартиб-қоидаларни қисқартиришдир.
Пенсиялар проактив тарзда тайинланади
2026 йил 1 ноябрдан бошлаб иш ҳажмининг қисқариши ёки корхонанинг тугатилиши муносабати билан ишсиз деб топилган шахсларга умумбелгиланган пенсия ёшидан икки йил олдин ёшга доир пенсиялар фуқароларнинг алоҳида мурожаатисиз проактив шаклда тайинланади.
2027 йил 1 январдан бошлаб боқувчисини йўқотганлик пенсияси ҳам шу тартибда тайинланади. Бунда фуқаролар проактив тартибда тайинланган пенсиядан воз кечиш ҳуқуқини сақлаб қолади.
Бошқа бир қатор хизматлар ДХМ ёки ЯИДХП орқали интерактив шаклда тақдим этилади.
2026 йил 1 ноябрдан бошлаб зарарли ва оғир меҳнат шароитларида ишлаган шахсларга, шунингдек, умумбелгиланган пенсия ёшини пасайтириш ҳуқуқига эга бўлган бошқа фуқароларга имтиёзли шартларда пенсия расмийлаштириш мумкин бўлади.
2026 йил 1 декабрдан бошлаб иш стажи ва иш ҳақи тўғрисидаги қўшимча электрон маълумотлар асосида пенсиянинг бошқа турига ўтказиш ва унинг миқдорини қайта ҳисоблаш тўғрисида ариза бериш имконияти яратилади.
2026 йил 1 декабрдан бошлаб иш стажи ва иш ҳақи тўғрисидаги қўшимча электрон маълумотлар асосида пенсиянинг бошқа турига ўтказиш ва унинг миқдорини қайта ҳисоблаш тўғрисида ариза бериш имконияти яратилади.
2027 йил 1 январдан бошлаб рақамли хизматлар орқали пенсия олишни нақд пулга ўтказиш, тўхтатиб турилган тўловни тиклаш, пенсиядан ушлаб қолинган маблағлар, ҳисобланган тўловлар ва ижтимоий солиқни ихтиёрий равишда тўлаш тўғрисида маълумот олиш, шунингдек, яшаш жойи ўзгарганда пенсия ишини ҳисобга қўйиш мумкин бўлади.
«Менинг пенсиям» хизматининг янги имкониятлари ишга туширилади
2027 йил 1 январдан бошлаб «Менинг пенсиям» онлайн хизмати доирасида фуқаролар пенсия тайинлашда ҳисобга олинадиган иш, олий ўқув юртларида кундузги ўқиш ва ҳарбий хизмат даврлари тўғрисидаги маълумотларни олишлари мумкин бўлади.
Хизмат, шунингдек, пенсия миқдорини олдиндан аниқлаш ҳамда иш ҳақи ва меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларни олиш учун давлат архивларига электрон сўровлар юбориш имконини беради.
Бундан ташқари, фуқароларга пенсия ёшининг яқинлашаётгани ҳақида бир йил олдин хабар берилади.
Шу билан бирга, 2027 йил 1 январдан бошлаб Пенсия жамғармаси томонидан фуқаролардан ҳужжатлар ва маълумотларни қоғоз шаклида қабул қилиш бекор қилинади.
Иш стажи ва ижтимоий бадалларни ҳисобга олиш тартиби ўзгаради
2026 йил 1 октябрдан бошлаб фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида ишлаётган шахсларга ўзини ўзи банд қилган шахслар учун белгиланган миқдорда ижтимоий солиқ тўланганда бир йиллик иш стажи автоматик тарзда ҳисобга олинади.
2027 йил 1 январдан бошлаб расмий даромадга эга бўлган фуқаролар ўз оиласининг ишламайдиган аъзолари стажини шакллантириш учун ҳар ойда энг кам иш ҳақининг 12 фоизи миқдорида ихтиёрий равишда ижтимоий солиқ тўлашлари мумкин бўлади.
Иш берувчилар махсус стаж тўғрисидаги маълумотларни электрон шаклда тақдим этади
2026 йил 1 ноябрга қадар иш берувчилар учун имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқини берувчи махсус стаж даврлари тўғрисидаги маълумотларни «Ягона миллий меҳнат тизими»да шакллантириш имконияти яратилиши керак.
«Ўзархив» агентлигига 2027 йил 1 апрелга қадар тугатилган корхона ва ташкилотларнинг илгари архивларга топширилмаган ҳужжатларини беғараз асосда қабул қилиш топширилди. Гап, хусусан, ҳисоб-китоб-тўлов ҳужжатлари, ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқлар, шунингдек, иш стажи ва иш ҳақини тасдиқлаш учун зарур бўлган бошқа ҳужжатлар ҳақида бормоқда.
Пенсионерлар учун банк карталарини олиш соддалаштирилади
2026 йил 1 ноябрдан пенсионерларга банк карталарини очиш билан боғлиқ банк хизматлари Face-ID биометрик идентификациясидан фойдаланган ҳолда кўрсатилади.
2027 йил 1 апрелдан бошлаб тижорат банклари билан биргаликда пенсия ва бошқа тўловларни молиялаштиришнинг ягона тизимини жорий этиш режалаштирилган. Маблағлар пенсионернинг банк картасига ёки тижорат банкининг мобил иловасида очилган электрон пенсия ҳамёнига ўтказилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 29.09.2026 йилдан кучга кирди.




