Марказий банк Бошқаруви Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Тезкор тўловлар тизими орқали жисмоний шахслар ўртасида мобиль телефон рақами асосида пул ўтказмаларини амалга ошириш қоидаларини тасдиқлади (24.08.2026 й. АВ рўйхат рақами 3930-сон). Ҳужжат уч ой ўтгач кучга киради.
Янги тартибга кўра, фуқаролар пул жўнатаётганда олувчининг банк ҳисобварағи ёки банк картаси реквизитларини киритишлари шарт бўлмайди. Ўтказмани амалга ошириш учун олувчининг мобиль телефон рақами унинг банк ҳисобварағига боғланган бўлиши лозим.
Пул ўтказмалари Марказий банкнинг Тезкор тўловлар тизими орқали амалга оширилади. Бунда фойдаланувчининг банк мобиль иловасида рўйхатдан ўтган телефон рақами тегишли банк ҳисобварағига боғланади. Бир банк доирасида битта мобиль телефон рақами фақат битта банк ҳисобварағига боғланиши мумкин.
Боғлаш жараёни якунлангандан сўнг, махсус «боғлаш коди» шакллантирилади ва у фойдаланувчига банкнинг мобиль иловасида кўрсатилади. Фуқаро исталган вақтда мобиль илова орқали ёки банкка бевосита мурожаат қилган ҳолда телефон рақамини ҳисобвараққа боғлаш амалиётини бекор қилиши мумкин.
Агар фойдаланувчи банкнинг мобиль иловасида янги мобиль телефон рақамини рўйхатдан ўтказса, аввалги рақам автоматик равишда ўзгартирилади.
Пул жўнатувчи олувчининг телефон рақамини ёки «боғлаш коди»ни банк мобиль иловасининг тегишли майдонига киритади. Шундан сўнг, Тезкор тўловлар тизими олувчининг ҳисобварағи тўғрисидаги маълумотларни аниқлайди.
Ўтказмани тасдиқлашдан олдин фойдаланувчига олувчи, унинг банки, шунингдек, воситачилик ҳақи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади. Шундан сўнг тўловчи ўтказма амалга ошириладиган банкни танлайди ва операцияни тасдиқлайди.
Ўтказма муваффақиятли амалга оширилгандан сўнг, тўловчига операцияни тасдиқловчи квитанция тақдим этилади. Унда ўтказма амалга оширилган сана ва вақт, тўлов тизимидаги рақам, банкларнинг номлари, тўловчи ва олувчининг маълумотлари, ўтказма ва воситачилик ҳақи суммаси акс эттирилади.
Марказий банк пул ўтказмаларини телефон рақами асосида амалга оширишда ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш ҳамда фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича амалдаги мажбурий талабларга риоя этилиши лозимлигига алоҳида эътибор қаратади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 26.11.2026 йилдан кучга киради.
Лола Абдуазимова




