Президентнинг 28.02.2026 йилдаги ПҚ-70-сон қарори билан Қорақалпоғистон Республикасини 2026 йил ва келгуси йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари тасдиқланди.
2026 йил охиригача мақсадли кўрсаткичлар орасида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 8,1 фоизга, саноат ишлаб чиқариш ҳажмини 8 фоизга, хорижий инвестициялар ҳажмини 3,5 миллиард долларга ошириш кўзда тутилган.
Шунингдек, ишсизлик даражасини 4,2 фоизга, камбағаллик даражасини 3,2 фоизга тушириш, Нукус шаҳри, Қўнғирот ва Чимбой туманлари ҳамда 109 та маҳаллани ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш режалаштирилган.
Бўзатов, Қонликўл, Мўйноқ ва Шуманай туманларидаги камбағаллик даражаси юқори бўлган 90 та маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш ва инфратузилмани яхшилаш орқали камбағаллик даражаси қисқартирилади.
2030 йилгача қуйидагилар режалаштирилган:
• сунъий интеллект технологияларини ривожлантиришга 5 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестицияларни жалб қилиш, "булутли" маълумотларни қайта ишлаш марказлари ва ҳисоблаш марказлари имкониятларидан фойдаланиш даражасини 10 баробарга ошириш;
• умумий ишлаб чиқариш қувватида қайта тикланувчи энергия манбалари (қуёш ва шамол) улушини 70% гача ошириш;
• аҳоли пунктларининг марказлашган сув таъминотини 83,5 фоизга етказиш.
Қишлоқ хўжалиги ва чорвачиликни ривожлантириш
Ҳужжат билан Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раисининг экология ва Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозими тугатилмоқда. Худди шундай лавозим яйловлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш, чорвачиликнинг озуқа базасини мустаҳкамлаш ва тўлдириш, чорвачиликни ривожлантириш бўйича жорий этилмоқда.
Ушбу соҳада қуйидаги вазифалар қўйилмоқда:
• яйлов ва чўл ҳудудларида мос озуқабоп экинлар, доривор ва зиравор уруғлар экиш орқали чорвачилик озуқа базасини мустаҳкамлаш ва тўлдириш, шунингдек, экспортбоп экинлар етиштиришни йўлга қўйиш;
• яйлов ва чўл ҳудудларида ер ости сув захираларини аниқлаш, улардан самарали фойдаланиш ҳамда чўл ҳудудларида чорвачилик, туячилик, паррандачилик ва қуёнчиликни ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш;
• таназзулга учраган яйловларни тиклаш ва глобал иқлим ўзгаришларига чидамли экотизимни яратиш.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланган:
• 2026 йилда Қорақалпоғистон Республикасини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари;
• Ҳар бир туман (шаҳар)нинг ихтисослашуви, географик жойлашуви, табиий хомашё ва ер ресурсларидан келиб чиқиб, қиёсий устунликлар асосида намунавий ҳудудга айлантириш йўналишлари;
2026 йил ва келгуси йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар дастури;
• Қорақалпоғистон Республикасида халқаро молия институтларининг 939 миллион доллар ва 160 миллион евро миқдоридаги маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган 11 та йирик инвестиция лойиҳасини жадаллаштириш бўйича "Йўл харитаси".
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 28.02.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова



