Президент томонидан 14.04.2025 йилдаги "Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида давлат назоратини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-66-сон Фармон имзоланди.
Ҳужжатда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида давлат назоратини такомиллаштиришнинг асосий вазифалари белгиланган:
- Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси мустақил республика ижро этувчи ҳокимият органи сифатида шакллантирилади;
- қурилиш, кўп квартирали уйларни бошқариш ҳамда ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш соҳасида назорат функцияларини тўлиқ рақамлаштириш;
- хусусий сектор томонидан амалга ошириладиган назорат тизими механизмларини шакллантириш.
2025 йил 1 майдан бошлаб тадбиркор ва қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш ҳудудий инспекциялари ўртасида шартнома тузилган бўлса, тадбиркорлик субъектларининг қурилиш объектларида қисқа муддатли давлат қурилиш назорати тадбирлари шартнома шартлари доирасида амалга оширилади ва "Ягона давлат назорати" ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилмайди. Бунда инспекцияларга хўжалик юритувчи субъектларнинг молиялаштириш манбаларидан қатъи назар молия-хўжалик фаолиятига аралашиш қатъиян тақиқланади.
2025 йил 1 июлдан бошлаб хусусий назорат механизмлари жорий этилади:
- якка тартибдаги уй-жойлар, нотурар бинолар ва кичик ҳажмдаги иншоотларни қуриш ва реконструкция қилиш ишлари устидан назорат хусусий секторга ўтказилади;
- қурилиш якунлангандан сўнг лойиҳачи "Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизимида хулоса шакллантиради ва буюртмачига тақдим этади;
- қурилган объектлардан фойдаланиш учун рухсатнома туман (шаҳар) қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлимлари томонидан берилади;
- хусусий назорат олиб борилмаган ёки лойиҳачининг ижобий хулосаси мавжуд бўлмаган объектларни фойдаланишга қабул қилиш тақиқланади.
Хусусий назорат объектларига қуйидагилар киради:
- икки қаватдан юқори бўлмаган, баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 кв. метрдан ортиқ бўлмаган якка тартибдаги уй-жойлар;
- қурилиш ҳажми 300 куб метрдан ортиқ бўлмаган нотурар бино ва иншоотлар ҳамда енгил турдаги конструкциялар.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 16.04.2025 йилдан кучга кирди.